КХШТнинг кучи НАТОга жавоб бериш учун етади – ташкилот Бош котиби

Олам

image

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти НАТОнинг кенгайиши билан юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавоб қайтариш учун етарли куч ва воситаларга эга. Бу ҳақда ташкилот Бош котиби Станислав Зась “Беларусь 1” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бундай вазиятда куч салоҳиятимизни оширишимиз керакми? Бу вазиятда (янги аъзолар НАТОга қўшилганда – таҳр.) ҳақиқатда юзага келадиган эҳтимолий таҳдидларга жавоб бериш учун бизда етарлича куч ва воситалар мавжуд. Ҳозир бундай масала кун тартибида йўқ (КХШТ куч блокини кучайтириш тўғрисида – таҳр.), деган у Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириш режаларини изоҳлаб.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика альянсига янги аъзоларнинг қабул қилиниши тарангликнинг кучайиши ва минтақани ҳарбийлаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратади, бу эса барча томонлар учун хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам бермайди.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО КХШТ

Баҳолаганлар

185

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг