КХШТ Арманистон ва Озарбайжон муаммоси бўйича чоралар кўрмоқда – Путин

Олам

image

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ҳар қандай можароли вазият Россияда жиддий ҳавотирга сабаб бўлади. Москва томонларни ўт очишни тўхтатиш режимига амал қилишга чақиради. Бу ҳақда бугун, 20 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин хорижий давлатлар элчиларининг ишонч ёрлиқларини топшириш маросимида айтиб ўтди.

“Бизга яқин давлатлар ўртасидаги ҳар қандай зиддиятли вазиятлар бизни жиддий ташвишга солаётганини алоҳида таъкидлайман. Биз барчани босиқликка, ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий риоя қилишга ва Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг уч томонлама баёнотларига қатъий амал қилишга чақирамиз”, дейди Президент.

КХШТ орқали Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги кескинликни камайтириш чоралари кўрилмоқда, дейди Путин.

“Таъкидлашни истардимки, ташкилот (КХШТ) Арманистон-Озарбайжон чегараси ҳудудида вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан чоралар кўрмоқда. Қарама-қаршилик зонасига КХШТ Бош котиби бошчилигидаги махсус миссия юборилди. Унга вазиятни ўрганиш натижалари бўйича Коллектив хавфсизлик кенгашига таклифлар тайёрлаш топширилди”, дейди Россия раҳбари Кремлда бўлиб ўтган ишонч ёрлиқларини топшириш маросимида хорижий давлатлар элчиларига мурожаат қилиб.

КХШТ вакиллари 15 сентябрь куни Арманистонга етиб келди. 17 сентябрь куни КХШТ миссиясининг олдинги гуруҳи Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги бир нечта объектга ташриф буюрди. Мутахассислар Озарбайжон билан чегарага туташ бир қанча ҳудудларда вазиятни кузатди. Миссиянинг дастлабки гуруҳи икки давлат муносабатларини изга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиққани очиқланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди, бироқ Арманистон ўқ узиш давом этаётганига ишора қилмоқда. 

Тўқнашувларда аввалига Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Озарбайжон-Арманистон КХШТ

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг