КХДР махфий сувости қуролини ишлаб чиқмоқчи

Олам

image

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қизи Ким Чжу Э билан бирга машғулотлар ўтказаётган 5 минг тонналик “Кан Гон” эсминецига ташриф буюрди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлигига таяниб, “Associated Press” хабар берди.

КХДР раҳбари ўз ташрифи давомида Ҳарбий-денгиз флоти шу йилнинг бошида тасдиқланган мамлакат мудофаасини ривожлантириш бўйича янги беш йиллик режанинг асосий йўналиши эканлигини маълум қилган. Ушбу режага кўра, мамлакатда сув сиғими 10 минг тонна бўлган эсминецлар ясалади ва “махфий сувости қуроли” ишлаб чиқилади.

Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, ҳарбий-денгиз кучлари ядровий тийиб туриш тизимида янада муҳимроқ рол ўйнаши ҳамда “сув остида ёки сув устида исталган вақтда душманга қақшатқич зарбалар беришга” қодир бўлиши керак.

У, шунингдек, денгизчиларнинг бошқарув маҳоратини юқори баҳолаган ва кеманинг ҳаракатчанлиги тезкор талабларга жавоб беришидан “катта мамнуният” билдирган.

“Associated Press”нинг қайд этишича, “Кан Гон” ўтган йили КХДР томонидан тақдим этилган иккита эсминецнинг иккинчисидир. Биринчиси “Чхве Хён” бўлиб, Ким унинг ишлаб чиқилишини ҳаракат радиусини кенгайтириш ва олдиндан огоҳлантирувчи зарбалар бериш имкониятларини ошириш йўлидаги муҳим қадам деб атаган. Ушбу кемалар турли хил қурол тизимларини, жумладан, зенит ва кемаларга қарши тизимларни, шунингдек, ядровий каллакларни ташишга қодир бўлган баллистик ва қанотли ракеталарни жойлаштириш учун мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнь куни Ким Чен Ин ядровий материаллар ишлаб чиқарувчи янги заводга ташриф буюрганди ва уларнинг бажарилиши кафолатланган ҳолда мамлакатнинг ядровий кучларини “геометрик прогрессия” билан ошириш режасини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея Ким Чжу Э

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг