Ким Чен Ин ядровий қуроллар сонини кескин оширмоқчи
Олам
−
04 Июнь 1288 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатнинг янги ишга туширилган ядровий материал ишлаб чиқариш корхонасига ташрифи чоғида ядровий арсенални “экспоненциал даражада” кенгайтириш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда Марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги беш йил ичида қурол-яроғ учун мўлжалланган ядровий материал ишлаб чиқариш қуввати икки баробардан кўпроқ ошган. Ким Чен Ин мутасаддиларга узоқ муддатли стратегик мақсадларга эришиш учун ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш вазифасини қўйган. Давлат ОАВлари томонидан тарқатилган суратларда Ким Чен Иннинг цилиндр шаклидаги ускуналар қаторлари орасида юргани акс этган. Айрим таҳлилчилар бу объект мамлакатнинг асосий ядровий мажмуаларидан бири – “Ёнбён” комплекси бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Президентнинг таъкидлашича, мамлакат хавфсизлигига таҳдидлар кучайиб бораётгани ва “энг шафқатсиз душманлар” билан узоқ муддатли қарама-қаршилик шароитида ядровий тийиб туриш салоҳиятини янада мустаҳкамлаш зарур.
“Давлатимиз ядровий кучларини экспоненциал (шиддатли) суръатларда кучайтиришга қаратилган улкан келажак режасини амалга ошириш тартиби белгилаб олинди”, дейди Шимолий Корея раҳбари.
Жанубий Корея Қуролли кучлари бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси вакили эса намойиш этилган объект уран бойитиш корхонаси эканини маълум қилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, Ким Чен Иннинг мазкур ташрифи эҳтимолий дипломатик музокаралар арафасида Пхеньяннинг позицияларини мустаҳкамлаш ва ядровий дастурни янада тезлаштиришни оқлаш мақсадида амалга оширилган. NK News нашрининг асосчиси Чад О’Карролл эса бу воқеани Хитой раиси Си Цзиньпиннинг Пхеньянга эҳтимолий ташрифи билан боғлаган. Унинг фикрича, КХДР раҳбарияти ядровий қуролсизлантириш масаласи муҳокама қилинмаслигини олдиндан намойиш қилишга уринмоқда.
Халқаро баҳолашларга кўра, Шимолий Корея ҳозирда тахминан 50 та ядровий каллакка эга. Бироқ мамлакат ҳукумати ҳеч қачон ўз ядровий арсенали ҳажмини расман ошкор қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея сунъий интеллект технологияларидан фойдаланадиган кўп мақсадли енгил ракеталарни учиришнинг янги тизимини ва тактик қанотли ракеталарнинг ялпи ўт очиш тизимини синовдан ўтказган эди.
Live
Барчаси