КҚКА “Coca-cola”нинг давлат улушини сотиш учун тендерни тўхтатмоқчи

Жамият

image

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги ва коррупция хатари мавжудлигини таҳлил қилди.  
 
Маълум қилинишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан эълон қилинган тендер шартларига киритилган бир қатор талаблар савдоларда қатнаша оладиган шахслар доирасини кескин кисқартиришга ҳамда қатор коррупцион омилларни келтириб чиқаришга шароит яратади.
 
“Ушбу мезонлар ўта юқори ва асослантирилмаган талаблар ҳисобланади ва савдоларда иштирок этиши мумкин бўлган эҳтимолий иштирокчилар сонини сунъий чеклашга олиб келади”, дейилади агентлик хабарида.
 
Эҳтимолий иштирокчилар сонини кескин чеклаш тендер шартларини бажара олувчи кам сонли иштирокчилар ўртасида ҳақиқий рақобат бўлмаслигига ва натижада давлат улушига паст нарх таклиф этилишига ҳамда бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига сезиларли даражада зарар етказилишига олиб келиши мумкинлиги қўшимча қилинган.
 
Агентлик томонидан тегишли идораларга мазкур Давлат комиссияси томонидан етарли рақобатга имконият мавжуд эмаслиги сабабли тендер жараёнларини тўхтатиш ёки тендер савдоларида иштирок этишга кўпроқ талабгорларни жалб қилиш ҳамда тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларнинг хулосалари асосида тендер шартларини юмшатиш бўйича ишларни олиб бориш зарурлиги борасида тегишли идораларга тақдимнома киритилди.
 
Аввалроқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳолатга изоҳ бериб, компаниядаги давлат улушини савдога чиқариш учун белгиланган талабларда компания фаолиятини тартибга солувчи таъсис ҳужжатлари ва бошқа ички меъёрий ҳужжатлар талаблари, компания фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари инобатга олинганини маьлум қилганди.

Маълумот учун, 2020 йил 16 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида Ўзбекистонда алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖ (CCIU)нинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилиши эьлон қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Coca-Cola

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг