Европанинг айрим давлатларида Coca-Cola расталардан олинмоқда

Олам

image

Coca-Cola Европанинг айрим мамлакатларида ичимликлар таркибида хлорат кимёвий моддасининг юқори даражада аниқланиши сабабли маҳсулотларини қайтариб олади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайтариб олиш жараёни Бельгия, Люксембург ва Нидерландияда амалга оширилади. Бельгия бўлимининг хабарига кўра, зарар кўрган маҳсулотлар орасида Coke, Fanta, Sprite, Tropico ва Minute Maid брендлари мавжуд.

“Мустақил экспертларнинг таҳлилига кўра, истеъмолчилар учун бу билан боғлиқ хавф жуда паст”, дейди компания вакили.

Компанияга кўра, муаммо фақат чет элдан келтирилган жуда кам миқдордаги Appletiser, Coca Cola Original Taste, Coca Cola Zero Sugar, Diet Coke ва Sprite Zero маҳсулотларига таъсир кўрсатган. Ушбу маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш кодлари 328 GE дан 338 GE гача бўлиб, улар идишнинг пастки қисмида кўрсатилган.

Буюк Британия Озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги вакили Анне Граветт вазият ўрганилаётганини айтди.

“Агар хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланса, улар чиқариб ташланиши ва истеъмолчиларга хабар берилиши учун чора кўрамиз”, дейди у.

Маълумот учун, хлорат сувни тозалаш ва озиқ-овқатни қайта ишлашда ишлатиладиган хлор асосидаги дезинфекциялаш воситалари ишлатилганда ҳосил бўлиши мумкин. Хлорат болалар ва чақалоқлар орасида қалқонсимон без билан боғлиқ соғлиқ муаммоларига олиб келиши мумкин.

Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати мутахассиси Карон Гразеттнинг сўзларига кўра, хлоратни ортиқча миқдорда истеъмол қилиш инсон организмида кўнгил айниши, қусиш, диарея ва қоннинг кислородни сингдириш қобилиятининг пасайиши каби таъсирларни келтириб чиқаради.

Компания вакилининг AFP ахборот агентлигига маълум қилишича, хлоратнинг юқори даражаси Бельгиянинг Гент шаҳридаги ишлаб чиқариш корхонасида мунтазам текширув пайтида аниқланган.

AFP маълумотларига кўра, сотилмаган маҳсулотларнинг асосий қисми аллақачон дўкон расталаридан чиқариб ташланган, қолган маҳсулотлар эса чиқариб ташланиш жараёнида.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Coca-Cola хлорат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг