Кирим йўқ жойда чиқим бор...ми? Карантинда солиқ имтиёзлари яна бир бор тушунтирилди
Жамият
−
13 Апрель 2020
6900Карантин сабаб Ўзбекистонда фаолият юритаётган дўконлар, савдо нуқталари, хизмат кўрсатиш жойлари ёпилди. Табиийки, тадбиркорлар орасида саволлар пайдо бўлди. Солиқ нима бўлади, кредитни қандай ёпамиз ва шунга ўхшаш. Бу, албатта, ҳақли савол. Кирим бўлмагач, чиқим қилиш кимга ҳам ёқарди?
Бугун, 13 апрель куни АОКА штабида ўтказилган брифинга Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров мазкур масалага тўхталиб ўтди ва давлат томонидан берилган имтиёзларни содда, халқчил тилда тушунтириб берди.
“2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси 50 фоизга пасайтирилди.
Бироқ фаолият юритаётган ЯТТлар қатъий белгиланган солиқни тўлиқ миқдорда тўлаб боради.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди”, деди Фазлиддин Умаров.
Расмий вакилнинг таъкидлашича, карантин эълон қилингунга қадар амалга оширилган фаолияти бўйича солиқ мажбуриятини бажаришида тафовутлар аниқланса, у ҳақида солиқ тўловчи хабардор қилинади.
Маълумотларга кўра, жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини 15 апрелда тенг улушда эмас, балки 15 октябрга қадар тўлашлари мумкин.
“Юридик шахсларга 2020 йил 1 октябрга қадар мол-мулк ва ер солиқларини кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан фоизсиз кечиктириб тўлаш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи берилди”, деди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари.
Ушбу ҳуқуқдан Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан, фақатгина солиқ органларини хабардор қилган ҳолда фойдаланиш мумкин.
“Карантин шароитида аҳолига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш мақсадида хукуматимиз томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган:
Аҳоли яшаш жойларида жами 4 минг 862 та, шундан 2286 та кўчма ва 2576 таси муқим асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ярмаркалари ташкил қилинди”, деди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров.
Маълумот ўрнида, уйдан чиқмаган ҳолда Soliq мобил иловаси ёки бошқа электрон тўлов тизимлари (Clikc, Payme ва ҳ.к.) орқали солиқларни тўлаш имконияти яратилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь