Ким Чен Иннинг синглиси Байденнинг баёнотини “кекса одамнинг вайсаши” деб атади

Олам

image

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон АҚШ Президенти Жо Байденнинг КХДРдаги мавжуд тартибни йўқ қилиш ҳақидаги баёнотларини “келажаги бўлмаган кекса одамнинг вайсаши”, деб атади. Бу ҳақда бугун, 29 апрель куни тарқатилган баёнотда сўз борди. 

“Ҳисоб-китобларсиз индамай ўтиб бўлмайдиган яна бир факт шуки, бутун дунёнинг диққат марказида бўлган душман давлат ҳукмдори шахсан ўзи “режимни тугатиш” иборасини очиқчасига ишлатган. Буни кекса одамнинг аҳмоқлиги деб ҳисоблаш мумкинми? Албатта, буни келажаги йўқ, Америка Қўшма Штатларининг хавфсизлиги, келажаги учун масъул бўлишни ўз зиммасига олмаган ва қолган икки йиллик президентлик фаолияти билан қийналаётган кекса одамнинг бемаъни гапи деб ҳисоблаш мумкин”, дейилади баёнотда. 

Айтиш жоизки, жорий ҳафтада Байден Жанубий Корея етакчиси Юн Сок Ёль билан Вашингтонда ўтказган қўшма матбуот анжуманида Шимолий Кореянинг АҚШ, унинг иттифоқчилари ва ядро қуролига эга шерикларига фаразий ҳужуми Пхеньян режимининг йўқ қилинишига олиб келишини айтган.

Байден Бош қўмондон сифатида ядро қуролидан фойдаланиш учун мутлақ ваколат ва ҳуқуққа эга эканини эслатган. Шу билан бирга, у Қўшма Штатлар Корея ярим оролида ядро қуролини жойлаштирмоқчи эмаслигини ҳам айтган.

Вашингтон декларацияси ҳақида

Ким Ё Чжон эса АҚШ ва Жанубий Корея ўртасида ядровий режалаштириш бўйича маслаҳат гуруҳини тузиш тўғрисидаги Вашингтон декларацияси Шимолий-Шарқий Осиёда тинчлик ва хавфсизликка таҳдид эканини айтган.

“АҚШ ва Жанубий Корея етакчилари томонидан қабул қилинган Вашингтон декларацияси КХДРга нисбатан шафқатсиз сиёсат натижаси бўлиб, уларнинг энг душманлик ва тажовузкор ҳаракатларига мойиллигини акс эттиради. Бу эса Шимолий-Шарқий Осиё минтақаси ва бутун дунёда хавфсизлик ва тинчликка жиддий таҳдид соладиган оқибатларга олиб келади. Ҳеч ким бундай ҳаракатларни олқишламайди”,  дейди Ким Чен Иннинг синглиси. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Байден ва Юн Сок Ёль ўртасидаги учрашув якунлари бўйича декларация имзоланган, унга кўра КХДР таҳдидлари билан боғлиқ ҳолда ядровий режалаштириш бўйича икки томонлама маслаҳат гуруҳи тузиш белгиланди. Юн Сок Ёль Оқ уйдаги тадбирда қўшиқ ҳам куйлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея Пхеньян Ким Ё Чжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг