Жанубий Корея Президенти Оқ уйда қўшиқ айтиб берди (видео)
Олам
−
27 Апрель 2023
11091Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль 1970 йилларнинг хит қўшиғини куйлаб, АҚШ Президентини ҳайратда қолдирди. У Жо Байден уюштирган кечки овқатда “Америка пироги” номли қўшиқни куйлаган. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, Юн Сок Ёль Оқ уйга ташрифида баланд овозда Дон Маклиннинг “Америка пироги” қўшиғини куйлаган. Байден Ёлга Дон Маклин уларга қўшилиш учун Оқ уйга кела олмаганини айтиб, унинг имзоси туширилган гитарани совға қилган.
Қайд этиш жоиз, Юн Сок Ёль олти кунлик давлат ташрифи билан Вашингтонда бўлиб турибди. Мамлакатлар президентлари яриморолдаги вазиятни муҳокама қилган. Кечки овқатда Жанубий Корея Президенти Америка мусиқасига бўлган муҳаббати билан ўртоқлашган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 26 апрель куни АҚШ ва Жанубий Корея етакчилари Оқ уйда Шимолий Кореянинг ракета ва бомба арсенали ортиб бораётгани учун ядровий кучайишнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида музокара ўтказгани хабар қилинган эди.