Ким Чен Ин Жанубий Кореяни йўқ қилиш билан таҳдид қилди

Олам

image

Сеул томонидан ҳарбий провокация содир бўлган тақдирда КХДР Корея Республикасини йўқ қилиш учун бутун арсеналини ишга солишдан тортинмайди. Бу ҳақда Шимолий Корея Қуролли кучлари Олий бош қўмондони, давлат раҳбари Ким Чен Ин Мудофаа саноати корхоналарига ташрифи чоғида айтиб ўтди.

“Агар Корея Республикаси давлатимизга қарши қуролли кучларидан фойдаланишга уринса ёки суверенитетимиз ва хавфсизлигимизга таҳдид соладиган бўлса, биз Корея Республикасини бутунлай йўқ қилиш учун мавжуд воситалар ва кучларнинг тўлиқ арсеналидан фойдаланамиз”, деган у. 

Корея марказий ахборот агентлигининг ёзишича, Ким ўз чиқишида Жанубий Корея КХДР билан қарама-қаршилик ўз жонига қасд қилиш сиёсати нотўғри эканини англаб етмас экан, республика “адолатли кураш тамойилларига асосланган яққол амалий ҳаракатларни сўзсиз давом эттириши"ни айтган. 

Унинг таъкидлашича, КХДР Корея яриморолида катта куч билан бир томонлама йирик воқеаларни қўзғатмоқчи эмас, лекин, шу билан бирга, Пхеньян урушдан қочиш ниятида ҳам эмас.

Кимнинг фикрича, Корея Республикаси фақат қарама-қаршилик сиёсатини олиб боряпти ва пировардида Пхеньян нуқтайи назаридан энг асосий душман давлатга айланган.

“Ҳозир Корея Республикасини КХДР учун ҳақиқий душман давлат сифатида тавсифлаш пайти келди. Узоқ вақтдан бери, тахминан 80 йил давомида у бизнинг ҳокимият ва тузумимизни ағдариш учун турли воситаларини ишга солмоқда", дея таъкидлайди агентлик.

Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни машғулотлар доирасида Шимолий Корея қирғоқ артиллерияси Жанубий Кореянинг Сариқ денгизда жойлашган Ёнпхёндо ва Пэннёндо ороллари томон 200 га яқин снаряд отганди. Бунга жавобан Жанубий Корея ҳарбийлари ўз манёврларини ўтказиб, 400 та снаряд отди.  6 январь куни Пхеньян ғарбий қирғоқдан яна Сариқ денгиз томон 60 га яқин снаряд отди. Жанубий Корея КХДР таҳдидларига жавобан ҳарбий чоралар кўришга ваъда берди. Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон эса Жанубий Корея қуролли кучларининг ҳар қандай хатоси Сеулни хавф остига қўйиши, ҳатто, энг кичик провокация ҳам Шимолий Корея армиясининг ракеталарини ишга солиши учун сабаб бўлишини айтиб, жанубга таҳдид қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Жанубий Корея Шимолий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг