КХДР Жанубий Корея томон 200 га яқин артиллерия ўқларини отди
Олам
−
05 Январь
16613Шимолий Корея қирғоқ артиллерияси Сариқ денгизда жойлашган Ёнпхёндо ва Пэннёндо ороллари томон 200 дан ортиқ ўқ отди. Бу ҳақда Корея Республикаси Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Қўмитанинг таъкидлашича, отишма маҳаллий вақт билан тахминан 09:00 дан 11:00 гача содир бўлган. Жанубий кореялик тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида қурбонлар йўқ. Снарядлар Сеул де-факто денгиз чегараси деб ҳисоблаган шимолий демаркация чизиғидан шимолга тушган. Ҳеч ким жабрланмаган.
Шунга қарамасдан, Жанубий Корея ҳукумати Ёнпхёндо ороли аҳолиси эвакуация қилинишини эълон қилган.
"Биз ҳарбийлардан Шимолий Корея провокацияси билан боғлиқ вазият ҳақида хабар олдик, шундан сўнг эвакуация жараёнини бошладик", дейди маҳаллий маъмурият вакили.
“Associated Press” Жанубий Корея расмийларига таяниб, КХДР снарядларни машғулотлар доирасида отганини ёзди. Агентлик маълумотларига кўра, Жанубий Корея ҳам шундай машғулотлар ўтказишни режалаштирган.
"Биз Шимолий Корея инқирозли вазиятнинг ўсиши учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши ҳақида огоҳлантирамиз, биз уни зудлик билан тўхтатишни талаб қиламиз", дейди Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси матбуот котиби Ли Сунг Жунг.
Унинг айтишича, Жанубий Корея ҳарбийлари АҚШ билан ҳамкорликда Шимолий Кореянинг фаолиятини кузатиб боради.
“Yonhap” агентлигига кўра, Жанубий Корея ҳарбийлари “ҳозирги ўқ отиш амалиёти”ни провокация деб ҳисоблаган, чунки снарядлар 2018 йил 19 сентябрдаги Кореялараро келишув билан белгиланган буфер зонага тушган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 28 декабрь куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин армия ва мудофаа саноатига эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш саъй-ҳаракатларини кучайтиришни буюрган эди.
LiveБарчаси