Хуш келдинг, 15 август! Эртадан қайси карантин чекловлари бекор қилиняпти?

Бу қизиқ

image

Эртага, 15 август куни Ўзбекистонда илк бор коронавирус аниқланганига 5 ой тўлади. Бу муддат ичида Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан бир қанча карантин чекловлари жорий қилинди. Уларнинг аксарияти вақти-вақти билан ўзгариб турди. 15 августдан эса асосий карантин чекловлари бекор қилиниб, одатий ҳаёт тарзимизга қайтяпмиз. Бироқ, бу касаллик хавфи бизни тарк этди дегани эмас. Ижтимоий масофа, озодалик ва тиббий ниқоб тақиш турмуш тарзимизнинг асосий бўлаги бўлиб қолиши керак.

Хўш, эртадан нималар ўзгаряпти? 

Автомобилингизнинг созлиги, ҳужжатларнинг тўлиқлигини текшириб қўйинг. Ҳар ҳолда эртадан автотранспорт воситаларининг кун давомида тўлиқ ҳаракатланишига рухсат бериляпти. 

Маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари босқичма-босқич тикланади. Бунда, доимий равишда ҳар бир авиақатнов ва темир йўл қатновидан олдин тегишли ҳаво кемаси ва темир йўл вагонларини (ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади, шу жумладан, уларга ҳавони зарарсизлантириш анжомларини ўрнатиш чораларини кўрилмоқда. 

Очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолияти ҳам тикланмоқда. Аммо, ҳозирча уларда банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди. Столлар оралиғидаги ижтимоий масофа эса 2 метрдан кам бўлмаслиги керак. Бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш мумкин эмас. Ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлишлари, ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозлар юза қисми дезинфекцион воситалар билан тозаланиши шарт.

Шунингдек, мазкур объектлар тўлақонли фаолият юритишига тайёргарлик кўриш учун уларнинг бино ва хоналарига, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиб бориш тавсия этилмоқда. 

Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар, шунингдек, ўқув курслари (марказлари) фаолияти ҳам тикланади. Фақат таълим марказлари ва тўгаракларда машғулотлар вақтини олдиндан келишиш зарур. 

Таълим марказлари ва мактабгача таълим ташкилотларида ходимлар ва болалар (тарбияланувчилар)нинг соғлиғи ҳолатини доимий назорат қилиш (тана ҳароратини мунтазам ўлчаб бориш), тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходимлар ва болалар (тарбияланувчилар)ни машғулотлар четлатиш талаб этилади.  

Ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши лозим. Санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш чоралари кўрилиши белгиланган. 

Уйда ўтиравериб диққанавас бўлдингизми? Тушунамиз, нафақат тушунамиз, ҳатто, дардимиз бир, десак ҳам бўлаверади. Янгиликнинг энг аълоси ҳам шу – санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар, ижарага бериладиган дала ҳовлилар ва бошқа дам олиш масканлари фаолиятига ҳам рухсат тегди. 

Мазкур фаолиятни амалга оширишда:

  • фуқаролар алоҳида, бир-биридан ажратилган ҳолда (ҳар бир оилага бир хона талабига риоя этган ҳолда) жойлаштирилиши;
  • бино ва хоналар доимий равишда дезинфекция қилиб борилиши, шу жумладан, ҳавони зарарсизлантириш анжомлари билан жиҳозлиниши тавсия этилмоқда.

Меҳмон уйлари ва хостеллар фаолияти эса Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги 21-сон йиғилиш баёнининг 2-иловаси билан тасдиқланган Пандемия шароитида меҳмонхона хизматларини ташкил қилиш бўйича вақтинчалик йўриқнома талаблари асосида йўлга қўйилади. Бунда, хостеллар фақатгина бир хонага оилавий ёки бир кишидан ортиқ бўлмаган меҳмонларни қабул қилишга рухсат берилади.

Карантинда музейга боришни ўйламаган бўлишингиз мумкин. Аммо, музейлар фаолияти ҳам тикланмоқда. Агар музейга бориш фикри уйғонса, албатта, Олмазор туманида янги барпо этилган Шон-шараф музейига кириб ўтинг.

Гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар фаолиятига ҳам рухсат бериляпти. Фақат бу жойларга навбатсиз бориб, гап сотиб ўтириш йўқ. Улар ҳам бир кишидан ортиқ одамни қабул қилмайди. Қолаверса, хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари – тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопдан фойдалан мажбурий. Мижозлар эса интернет ёки телефон орқали навбатга ёзилишлари керак. 

Ўзбекнинг тинч-тотув, фаровон кунларини тўйларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин, тўйларга рухсат тегди дегани яна 50-100 кишини уйингизга тўплаб, айримларининг касалланиши, афсуски, айримларнинг ўлишига сабаб бўлмайсиз, деб умид қиламиз. Марҳамат, тўй қилинг, меҳмонлар 30 кишидан ошмасин. Шунда ҳам ниқобни, санитария қоидаларини унутманг. Ҳа яна бир гап, айтилган жойдан қолманг, айтилмаганига борманг. Жуда бўлмаса, сиз тўй қилганингизда ҳам ўша одамни айтмайсиз, бир-у бир бўлади. 

Жамоат транспорти, шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус қатнови метрополитен фаолияти тикланмоқда. Фақат уларда ниқобсиз юриш қатъиян ман этилади. 

Уларда ҳар қатновга чиқишдан олдин ҳайдовчи ва кондукторларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37°С ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаслик, уларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши белгиланди. 

Транспорт воситаси доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин (шу жумладан, ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказилиши зарур.

17 августдан 

Ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тикланади. 

Диний ташкилотлар фаолиятига (ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда) рухсат берилмоқда. Бунда масжидларда жума намозлари ўқилмайди. Қолган кунлари 5 маҳал ибодатлар адо этилади. 

15 августдан кейин қандай карантин чекловлари сақланиб қолинаётгани ҳақида бу ерда ўқинг.


Мақола муаллифи

Теглар

карантин 15 август

Баҳолаганлар

527

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг