Хорватия ва Сербияда ишлаётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
18 Декабрь 4415 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси Хорватия ва Сербияда ишлаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳол-аҳволини доимий мониторинг қилиб, улардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириб келмоқда. 2025 йил давомида элчихонанинг консуллик бўлимига Хорватия ва Сербия ҳудудида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларидан кўплаб шикоятлар келиб тушган. Ўтказилган таҳлиллар натижасида инсофсиз иш берувчилар томонидан йўл қўйилаётган энг кўп учрайдиган қоидабузарликлар аниқланган. Таҳлил натижаларига кўра, инсофсиз иш берувчилар томонидан энг кўп учрайдиган қоидабузарликлар аниқланди:
- иш ҳақининг мунтазам равишда тўланмаслиги ёки узоқ муддатга кечиктирилиши;
- вақтинчалик яшаш ва ишлаш учун рухсатномалар олишдаги муаммолар;
- ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш бўйича тўланган хизматлар учун такрорий (“икки карра” ва “уч карра”) йиғимлар;
- иш беришни рад этиш ва қўшимча тўловларни рад этган тақдирда депортация қилиш билан таҳдид қилиш;
- ноқонуний ишлаётган фуқароларни ўйлаб топилган баҳоналар билан тўсатдан ишдан бўшатиш ва кейинчалик ишлаб топилган маблағларни тўлашдан бош тортиш.
Элчихона ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қоидабузар иш берувчилар билан музокаралар олиб борган, Хорватиянинг ваколатли органларига расмий ноталар юборган ҳамда фуқароларга суд ва маъмурий жараёнларда амалий ёрдам кўрсатган.
Шу билан бирга, муаммоларнинг аксарияти ноқонуний воситачилар орқали чет элга чиқиш ва ишга жойлашишнинг дастлаб ноқонуний ёки ярим қонуний каналлари сабабли юзага келаётгани қайд этилган.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида элчихона Ўзбекистон фуқароларига Хорватия ва Сербияга ишлаш учун фақат Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг амалдаги лицензиясига эга бўлган хусусий бандлик агентликлари орқали чиқишни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, лицензияга эга бўлмаган шахслар ёки фирмаларга пул ўтказмаслик, туристик ёки бошқа ишчи бўлмаган визалар билан ноқонуний ишлаш мақсадида чет элга чиқмаслик зарурлиги эслатилди. Меҳнат шартномасини имзолашдан олдин уни ўзбек ёки рус тилига таржима қилдириш ва барча шартларни диққат билан ўрганиб чиқиш тавсия этилди.
Ҳар қандай муаммолар юзага келганда фуқароларга Ўзбекистоннинг Венгриядаги Элчихонаси консуллик бўлимига шошилинч алоқа телефонлари ёки расмий веб-сайтида кўрсатилган мессенжерлар орқали мурожаат қилиш лозимлиги билет .
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кореяга ишлашга кетган ўзбекистонликлар огоҳлантирилганди.
Live
Барчаси