Хоразмлик аёлнинг кўзи кўрмай қолиши вакцина билан боғлиқ эмас – ССВ
Жамият
−
29 Август 2021
22511Кеча, 28 август куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида хитой-ўзбек вакцинаси олгандан кейин аҳволи оғирлашган фуқаро ҳақида видео лавҳа тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.
Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан беморнинг аҳволини ўрганиш ва бу ҳолат нима сабабдан юз берганига аниқлик киритиш мақсадида тажрибали инфеционист, реанематолог, офталмолог, вирусолог, иммунолог, невропатолог, психолог каби мутахассисларидан иборат тезкор гуруҳ тузилганлиги хабар қилинди. Бугун, 29 август куни ССВ дастлабки ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Дастлабки маълумотларга қараганда, видеолавҳада тилга олинган фуқаро С.Ё. 30 ёшда бўлиб, илгари менингит белгилари билан муолажа олган, гепатит “С” ва иккала кўз миопия енгил даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган.
Фуқаро С.Ё. жорий йил 27 август куни шифокор кўригидан ўтказилиб, вакцина олишга қарши кўрсатма бўлмаганлиги сабабли коронавирусга қарши эмланган ва оилавий шифокор кузатувида бўлган. Вакцина олгандан кейин ҳеч қандай ножўя таъсирлар кузатилмагач, акаси С.О.нинг уйига кетган.
Шу куни тунги соат чамаси 21:17ларда С.Ё.да умумий ҳолсизлик, қўл-оёқ тортишиши, нафас қисиши каби белгилар кузатилган ва шундан сўнг фуқаронинг яқинлари тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Тиббий бригада томонидан С.Ё.га “Вегетотомир дистонияси” дастлабки ташхиси қўйилиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Сўнг С.Ё. текширув ва даволаш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Хоразм филиалига олиб борилган. У даволаш муассасаси қабул бўлимида невропатолог шифокор томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, белгиланган стандартлар асосида зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва кузатувда бўлиши тушунтирилган. Бироқ, фуқаро шифохонада ётишдан бош тортган.
"Видеомурожаатда кўзи кўрмай қолганлиги қайд этилган С.Ё. мазкур даволаш муассасаси қабулхонасига тез ёрдам машинасидан мустақил тушиб, шифокор қабулига ўзи юриб кирганлиги ва юриб чиқиб кетганлиги видеолавҳада айтилган сўзлар ҳақиқатга мос келмаслигини кўрсатади", дейилади ССВ ахборотида.
Маълумо қилинишича, бугун Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Ғайрат Қориев бошчилигидаги нейрохирург, инфекционист, невропатолог, офтальмолог ва иммунолог каби қатор мутахассислар С.Ё.ни яна бир бор тиббий кўрикдан ўтказган. Кўрик давомида С.Ё.нинг аҳволи қониқарли, нафас олиши ва юрак уриши меъёридалиги маълум бўлган. Қолаверса, унинг кўз тубида патологик ўзгаришлар аниқланмаган. Айни пайтда С.Ё. ўзини яхши ҳис қилмоқда.
Тиббий кўрикдан ўтказган бош мутахассисларнинг якуний хулосаларига кўра, фуқаро С.Ё.нинг бир кун аввалги соғлиғидаги ўзгаришлар эмлаш билан боғлиқ эмаслиги ойдинлашган.
"Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизга олиб келинаётган ва бутун дунёда қўлланилаётган коронавирусга қарши вакциналар бўйича маълум қарши кўрсатмалар бўлиб, энг асосий монеъликлардан бири бу - анафилактик шок ҳисобланади. Ушбу ҳолат аввал бошқа дорилар ёки вакцинага нисбатан қандайдир реакциялар ва анафилактик шок юз берган беморлардагина кузатилиши мумкин. Бошқа ҳеч бир инсонда бундай нохуш ҳолат рўй бермайди.
Бунинг исботи сифатида айни пайтгача дунёда 5 миллиардга яқин одам, мамлакатимизда эса 14 миллионга яқин вакцина дозаси қўлланилган бўлса, тиббий кузатувлар натижасида бирорта инсонда анафилактик шок кузатилмаган. Эмлашдан кейинги юз берувчи ҳолатларнинг барчаси енгил ва ўрта даражадаги ўзгаришлар бўлган. Булар - холсизлик, мушаклар ва суякларда оғриқлар, иситманинг бироз кўтарилиши ҳамда инекция қилинган жойда оғриқ пайдо бўлишидир. Ушбу ўзгаришлар ҳам қисқа вақтда ўтиб кетадиган ҳолатлар ҳисобланади", дейилади ССВ хабарида.
Қайд этилишича, вакцина қилишга энг асосий монъеликлардан бири ҳисобланган анафилактик шок ҳолати вакцина қилингандан кейин 30 дақиқа ичида рўй бериши мумкин. Хоразмлик С.Ё. эса эмлашдан аввал ҳамда вакцина олгандан сўнг тиббий кўрикдан ўтказилган ва ҳеч қандай салбий таъсирлар кузатилмагандан сўнггина уйига рухсат берилган.
"Агар С.Ё.нинг соғлигидаги салбий ўзгаришлар чиндан ҳам вакцина билан боғлиқ бўлганида, унда 30 дақиқа ичида анафилактик шок ёки бир нуқтага қараб, қотиб қолиш ҳолати кузатилган бўларди. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада кўриш мумкинки, С.Ё.нинг эс-хуши жойида, ён-атрофидаги гап-сўзларни эшитиб, тушуниб турибди, ҳеч қандай судурги ҳолатлари йўқ.
Яна шуни айтиш лозимки, вакциналарнинг ўзи ҳеч қачон ва ҳеч қандай касалликни чақирмайди. Шунингдек, вакцинациядан кейинги салбий ҳолатлар ҳеч қачон бир марта ёки бир одамдагина кузатилмайди, аксинча бир нечта одамда ва жамоавий рўйхатга олинади. Шу маънода олиб айтсак, фуқаро С.Ё.нинг соғлигидаги ўзгаришлар эмлаш билан боғлиқ эмас", дейилади вазирлик хабарида.
Шу сабабдан идора фуқаролардан коронавирусга қарши эмлаш тадбирларига тўғри муносабатда бўлишларини, вакцина ҳақида фикр билдиришдан аввал масалага мулоҳаза билан ёндошишларини, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кимнидир обрўсизлантириш, аҳоли ўртасида эмлаш бўйича нотўғри тассаввур уйғотиш мақсадида фойдаланмасликларини сўраган.
LiveБарчаси