Хоразмда пиар учун жанжал уюштирган блогер қамалди
3-саҳифа
−
27 Май
8472Хоразмда пиар учун жанжал уюштирган блогер 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Билдирилишича, воқеа жорий йилнинг 21 май куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида содир бўлган. Видеодан кўриш мумкинки, ижтимоий тармоқ фаоли машина бошқаруви давомида маҳсулот рекламаси билан банд бўлиб, руль бошқарувини йўқотган ва бу ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчининг эътирозига сабаб бўлган.
Шундан сўнг блогер ўша ҳайдовчи билан тортишиб қолиб, ҳақоратли сўкиш сўзларини ишлатишгача борган. Охир-оқибатда блогер Spark русумли машинани тўхташга мажбур қилган. Spark тўхтагандан сўнг у ўзининг безорилик ҳаракатлари билан машина ҳайдовчисига ва машинага зарар етказишга ҳаракат қилган, хусусан Spark’нинг олди ойнасини синдирган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат Хоразм ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинди. Текширувларга кўра, воқеанинг барчаси обуначилар сонини ошириш яъни “қора пиар” мақсадида амалга оширилган.
“Буларнинг барчаси пиар эди. Тушиб туриб автомобилнинг ойнасини синдиришим керак эди. Бироз қуюшқондан чиқиб кетдик. Ҳақиқий ҳаёт билан аралашиб кетди. Бизнинг мақсадимиз “give away” бошлаш эди. Қилган ишимдан афсусдаман”, дейди блогер.
Қонунбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси(Майда безорилик)га асосан 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интернетда Холиқжон вайнес номи билан танилган вайнер Холиқжон Самадов 7 суткага қамалганди.