Холиқжон вайнес қамалди
3-саҳифа
−
20 Март
96978Интернетда Xoliqjon vines номи билан танилган вайнер Холиқжон Самадов 7 суткага қамалди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Вайнернинг жазоланишига у томонидан суратга олинган видео сабаб бўлган. Видеолавҳада блогер ўз бошқарувидаги Nexia автомашинасини 2 нафар лавҳа қаҳрамонининг устига тикка ҳайдаб борганини ва йўл белгисига қасддан шикаст етказганини кўриш мумкин. Кейинчалик видео Бухоро шаҳрининг Намозгоҳ кўчасида суратга олингани аниқланади.
Вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, транспорт воситасидаги ҳайдовчининг ва автомашина эгасининг шахсига аниқлик киритилди. Автомашина эса жарима майдончасига жойлаштирилди.
Вайнер ва унинг 4 нафар шеригига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий иш қўзғатилиб, иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида мазмунан кўриб чиқилди.
Мазкур ҳолатда иштирок этган 4 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси тартибида 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Шунингдек, ушбу ҳолатнинг асосчиси бўлган Холиқжон Самадов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 1-қисми, 128-моддаси прим-5 2-қисми, 147-моддаси ҳамда 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, 34-модда қўллаган ҳолда унга нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Instagram'да фаолият олиб борувчи блогер севган йигити билан тортишаётган қизни мушт уриб йиқитгани акс этган видеоси учун жавобгарликка тортилганди.