Хоразмда қадимий билагузукларни яширинча олиб чиқмоқчи бўлган шахс ушланди

Жамият

image

Хоразм вилояти “Шовот” чегара божхона постида 2 дона қадимий билагузукни яширинча олиб чиқишга уринган шахс тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Хоразм вилояти божхона бошқармаси хабар берди. 

Маълум қилинишича, йўловчи “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган вақтида 520 граммдан оғирроқ бўлган билагузукларни қўл юки орасига яшириб, хорижга олиб чиқмоқчи бўлган. 

Санъатшунослик экспертизаси хулосасига кўра, никел, мис, қалай ва кумуш аралашмасидан қўлда ишланган ушбу билагузуклар ХХ аср бошларига мансублиги маълум бўлган. Шу сабабли ҳам улар тарихий қийматга эга маданий бойлик ҳисобланади.

“Жиноят ишлари бўйича Шовот туман судининг қарорига асосан қадимий ашёлар давлат эгалигига ўтказилди ва Хива “Ичан-қалъа” давлат музейи қўриқхонасига топширилди”, дейилади хабарда.  

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги “Маданий бойликларни олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги низом талабларига мувофиқ эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдин яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро аэропортида жами 96 дона нумизматика ашёларини хорижга олиб чиқмоқчи бўлган шахс ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

божхона Хоразм билагузук

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг