ИИБ ходими маст ҳолда одам уриб, қочиб кетди. Жабрланувчи вафот этди
3-саҳифа
−
27 Февраль 7250 2 дақиқа
Хоразм вилоятида маст ҳолда одам юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган Ички ишлар бошқармаси инспектори 3 йил-у 1 ойга озодликдан маҳрум этилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди
Ҳужжатда келтирилишича, 2025 йилнинг 27 сентябрь куни 22:14 ларда судланувчи А.У. Tracker русумли машинасида маст ҳолда Шовот туманидан Урганч шаҳрига кетаётганида 1996 йилда туғилган аёлни уриб юборган. У аёлга биринчи ёрдам кўрсатмай, воқеа жойидан қочиб кетган. Жабрланувчи бошқа транспорт воситасида шифохонага олиб борилган, бироқ кўрсатилган муолажаларга қарамай вафот этган.
Жорий йилнинг 23 февраль куни Жиноят ишлар бўйича Шовот тумани судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда А.У. айбига қисман иқрор бўлиб, кўрсатма берган. Унга кўра, 2025 йил 27 сентябрь куни кечки соат 22:00 ларда “Шовот-Урганч” йўналиши бўйича эски йўлдан Урганч шахрига қараб ҳаракатланиб бораётганида йўлни ёритиш чироқлари тугаган жойда автомашинани ўнг ён томонидан қарсиллаган товуш чиққан, шу сабабли у йўл четига ўтиб тўхтаган. Кейин билса, у одам уриб юборган. Шунингдек, судланувчининг айтишича, йўл бўйлаб ортидан келаётган Gentra автомашинасидаги йигитлар унинг одам уриб юборганини билиб, югуриб келган. Улар билан ўзи уриб юборган одам ёнига борган ва аёл ариқ ичида ётганини кўрган.
А.У. ўша пайтда аёлнинг устида турмуш ўртоғи турганини кўрган ва шундан кейин жабрланувчи ариқ ичидан олиб чиқилган, бунда А.У. нинг ўзи ҳам ёрдам берган. Судланувчига кўра, ўша куни у курсдоши билан бирга чойхонада спиртли ичимлик истеъмол қилган. Шунингдек, у судда ҳодиса пайтида мазаси бўлмаганини, спиртли ичимлик ичган булсада, “хушёр” ҳолатда бўлганини айтган. Бундан ташқари, у ҳодиса жойидан қочмаганини, Gentra ҳайдовчисига аёлни шифохонага олиб боришини айтиб, ўзи уни қутқариш учун Урганч шаҳридаги уйига пул олиш учун кетганини, шифокорларга пул бермаса яхши қарамаслигини билдирган.
У Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Судланувчи 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони манзил-колонияларда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида 38 ёшли аёл йўл-патруль хизмати ходими машинада уриб юбориши оқибатида вафот этган эди.
Live
Барчаси