Хоразмда Адлия ва ФВБ раҳбарлари Меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқада бўлиб келгани ошкор бўлди

3-саҳифа

image

Ўзбекистондаги вилоятлардан бирида (Хоразм вилояти экани айтилмоқда) Оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги 3 нафар қизни танлаб олди ва 10 ой давомида (2021 йил май – 2022 йил февраль) моддий рағбат эвазига турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Бу ҳақда Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берди.

2021 йил май ойи бошида меҳрибонлик уйи раҳбари ўша пайтда ҳали 16 ёшга тўлмаган қизни танлаб, танишларидан бири билан жинсий алоқага киришга мажбур қилган. Қиз бунга қаршилик қилишига қарамасдан, мудира ўқлов билан барча болаларнинг кўз ўнгида қизнинг кичик укасини калтаклай бошлаган. Қизнинг иродасини синдириб, мудира кейинчалик уни ўзи айтган эркаклар билан ётишга мажбур қилиб келган.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи мудиранинг муаммоларини ҳал қилишда ўз ваколатларини ишга солишга ваъда бериб, 2021 йил апрель ойида унга хайрия сифатида принтер совға қилади (қурилма вилоят адлия бошқармаси балансида бўлган, ишлатилган, кейинчалик яроқсиз ҳолга келган). Бундай “хайрия”дан бир неча ҳафта ўтгач, эркак меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришни талаб қилади. Шунда мудира 17 ёшли етим қизни танлайди ва уни оч қолдириб, ташқарига чиқишини таъқиқлаб бошқа болалардан ажратиб қўяди. 

Кейин мудира вилоят адлия бошқармаси бошлиғи унга 250 минг сўмлик спорт оёқ кийими олиб бергани учун у билан жинсий алоқа қилишга мажбур эканлигини айтади. Эркак қиз билан жинсий алоқада бўлиши учун Адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига ажратилган хонадондан фойдаланган. 

Орадан бир ой ўтиб, 2021 йил июнь ойида у яна мудирадан қиз талаб қилиб, 15 ёшли қиз билан ҳам шу хонадонда жинсий алоқа қилади. Узоқ вақт ўтмасдан ўша квартирага яна бир “қурбон” олиб келинади, у ҳам жинсий алоқа қилишга мажбурланади – бу 16 ёшли мактаб ўқувчиси эди. Воқеалар қайта-қайта такрорланиб, ўн ой давомида вилоят адлия бошқармасининг хизмат хонадони жинсий алоқа майдони сифатида хизмат қилади.

Фавқулодда вазиятлар бўлимининг туман бўлими бошлиғи ҳам аввалги амалдордан қолишмай, Меҳрибонлик уйи раҳбарига унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришини айтади. Май ойи бошида ҳомийлик сифатида болалар учун диван, шкаф, ошхона столи совға қилади ва болаларга турли ширинликлар олиб келади. Бунинг эвазига 2021 йил июнь ойи бошида у ҳам жинсий алоқа қилиш учун қиз талаб қилиб, меҳрибонлик уйи ётоқхонасида юқорида тилга олинган 17 ёшли етим қиз билан жинсий алоқада бўлади. Июнь ойининг охирида у меҳрибонлик уйи раҳбарига 200 минг сўм бериб, яна шу қиз билан бирга бўлади. Кейин эса меҳрибонлик уйига озиқ-овқат ва ичимликлар олиб келади ва бунинг эвазига 15 ёшли қизни жинсий алоқа қилишга мажбурлайди. Қизлар у билан бир неча бор жинсий алоқа қилишга мажбур бўлишади.

“Биз бу қизлар билан ким ва қай тарзда жинсий алоқа қилганини тасвирламаймиз, улар вояга етмаганлиги ва қарам ҳолатда эканлигидан умуман хижолат тортишмаган, яъни қизлар жинсий алоқага рози эмаслигини билдира олмаган. Амалдорлар ғамхўрлик қилиши керак бўлган вояга етмаган қизлар бутунлай ҳимоясиз қолди. Раҳбар алоқалари ва ваколатлари бўлган амалдорлар билан “ётиш”га мажбур қилса, улар кимга ҳам шикоят қилиши мумкин? Бу қизлар ички ишлар ёки прокуратурага борса, ким уларни эшитарди? Қизларнинг руҳияти бузилди, уларга давлат ҳиёнат қилди, улар гўёки буюмдай сотилди. Албатта, суд жараёнида барча айбланувчилар қизлар буни ўз ихтиёри билан қилгани, уларни ҳеч ким мажбурламаганини айтишди. Бу қизларнинг танлаш эркинлиги бормиди, деган саволни ҳеч ким ўзига бермади…”, деб ёзган манба.

2022 йилнинг сентябрь ойида биринчи инстанция суди уларни қуйидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган:

Маҳаллий оилавий болалар меҳрибонлик уйи мудираси Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисми “а” банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси), 167-моддаси 2-қисми “г” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Суд унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва фавқулодда вазиятлар бўйича туман бошқарма бошлиғи Жиноят кодексининг 128 (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ва 128-1-моддасида (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Уларнинг ҳар иккисига 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди: бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш тақиқланади. Шунингдек, пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартиришлари ва яшаш тумани чегараларини тарк этиши тақиқланади.

2022 йилнинг декабрь ойида апелляция инстанцияси суди суд қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

“Мансабдор шахсларга қонунга мувофиқ бир ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Юқорида тасвирланган ҳолатда уларга нисбатан етарли жазоми? Афсуски, ҳатто идоралар ходимлари орасида ҳам ўзлари бузуқ бўлган вояга етмаган қизлар борлигига ишонадиганлари бор, қизлар эркакларга осилиб, жинсий алоқа қилишни хоҳлашармиш. Ҳеч ким сабаблар ҳақида ўйлашни хоҳламайди”, деб ёзган “Nemolchi”.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг