Хоразм, Фарғона, Наманган, Жиззахда масъуллар мажбурий меҳнат учун жазоланди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг 4 вилояти Хоразм, Фарғона, Наманган, Жиззахда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари, меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат шароитлари бўйича қонунчиликда белгиланган талабларнинг бузилиши аниқланди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини мажбуран пахта теримига жалб этгани учун бошқарма бошлиғи, Хива шаҳар Халқ таълими бўлими мудираси томонидан “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзолик бадали йиғиб олиш тўғрисида буйруқ чиқарилиб, бадал пули мактаб педагог ходимларидан талаб этилгани сабаб, бўлим мудирасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига биноан энг кам иш ҳақининг 30 баробари – 6 690 000 сўмдан жарима тайинланди.

Худди шу жарима қиймати Фарғона вилояти Фарғона тумани 22-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиларини уларнинг розилигисиз мажбуран мактабдан ташқари ҳудудларни ободонлаштириш ишларига жалб этгани учун мактаб директори, Наманган вилояти Ер-мулк давлат кадастри Тўрақўрғон филиали ходимларини мажбуран пахта теримига жалб қилган Ер-мулк кадастри Тўрақўрғон филиали раҳбари ҳамда Жиззах вилояти Пахтакор тумани Пенсия жамғармаси ходимларини пахта терими ишларига мажбуран жалб этгани учун жамғарма раҳбарига нисбатан ҳам қўлланилди.

Шунингдек, пахта терими пайтида теримчиларга етарли шарт-шароитлар яратилмагани, терим пуллари ўз вақтида берилмагани ва ходимларни мажбурий тарзда пахта теришга жалб этгани учун Жиззах вилоятидаги қатор мутасаддилар жавобгарликка тортилди.

Жумладан, теримчилар учун етарли шарт-шароит яратмаган ва терим пулларини ўз вақтида бермаган Шароф Рашидов тумани АТ “Халқ банки” бошқарувчиси, Мирзачўл тумани “Қахрамон Расул Ота” фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан ЎзР МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима тайинлаш учун маъмурий баённомалар тақдим этилди.

Ходимларни мажбурий равишда теримга жалб этгани учун эса Жиззах шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси раҳбари, Пахтакор тумани Молия бўлими бошлиғи, Пахтакор тумани АТ “Халқ банки” филиали бошкарувчиси, Арнасой туманидаги Ободонлаштириш бошқармаси, Сувоқава ДУК ва Тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.


Мақола муаллифи

Теглар

жарима мажбурий меҳнат пахта терими

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг