Хон, хоқон, султон... Фуқарога пойгакдан жой берган Андижон ҳокими интернет “юлдузига” айланди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг фуқароларни қабул қилиш вақтида олинган сурат кескин танқидларга сабаб бўляпти. Гап шундаки, ҳоким ўзи айвончанинг тўрига чиқиб ўтиргани ҳолда, фуқароларга пойгакдан жой берилган. Ҳоким қабулига келган бошқа фуқаролар эса тик оёқда навбат кутяпти.

Ҳолат акс этган суратлар тарқалиши билан тармоқ фойдаланувчилари Абдужаббор Эгамбердиевга ҳоким эмас, хон деган таърифларни бериб, уни “Шайтанат” сериалидаги Асадбек образига ўхшатди. Шунингдек, ҳокимбува ҳоқон, Амир Олимхон, Султон Сулаймонга ҳам ўхшатилган.

Андижон тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати мазкур баҳсларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, пойгакда ўтиргандаги сурати тарқалган фуқаро қўшни тумандан С.Қодиров бўлиб, туман ҳокимига миннатдорлик билдириш учун келган. Сабаби, ушбу фуқарога такрорий экин экиш учун Чўлпон массиви “Шокиржон” фермер хўжалигидан белгиланган тартибда экин ери ажратиб берилган. 

“Мазкур ажратилган ердан унумли фойдаланган фуқаро туман ҳокими сайёр қабулига амалга оширилаётган ислоҳотлардан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилаётган имкониятлардан миннатдор эканлигини етказиш учун келгани аниқланди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари ушбу фуқаро билан мулоқот қилганда туман ҳокимидан миннатдор эканлиги ва яхши муносабатда бўлганлигини билдирди”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Шу билан бирга фуқаро туман ҳокими ижтимоий масофа сақлаганлиги юзасидан ҳеч қандай эътирози йўқлигини қўшимча қилган.

Қизиқ, кимсан ҳокимнинг қабул қилиш тарзидан норози бўлишга оддий фуқаронинг ҳадди сиғармиди?


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон ҳоким

Баҳолаганлар

1678

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг