“Ходимлар хонасидан чиқди”. Навоийда 20 дан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди (видео)
Жамият
−
01 Август 17969 6 дақиқа
Навоий вилоятида ҳавони ифлослантираётган 20 дан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик раҳбарияти ҳамда Бош прокуратурадан иборат ишчи гуруҳ Экология вазирининг топшириғига биноан Навоий шаҳрида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Мақсад – атмосфера ҳавосининг ифлосланиш манбаларини аниқлаш, сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўриш.
Билдирилишича, ўрганиш икки йўналишда олиб борилмоқда: биринчиси – шаҳарда қайд этилган оқ туман (ёки оқ тутун) манбаини аниқлаш, иккинчиси – саноат чиқиндилари билан боғлиқ умумий экологик вазиятни яхшилаш. Барча чора-тадбирлар қатъий назорат остида амалга оширилмоқда, қонунбузарликлар аниқланган тақдирда масъул шахсларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилади.
Биринчи ҳолатда жорий йилнинг 19 июль куни Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланган. Навоий шаҳри ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда олтингургурт икки оксиди (SO₂) белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃) эса 1,43 баравар юқори экани маълум бўлган.
Шу куни соат 05:30да (собиқ “Электрокимё” заводи худудида) “Согда кимё завод” МЧЖ, “Ферросплав” МЧЖ ва “Zarafshon industrial technology” МЧЖ заводларига туташ ҳудудда қисқа вақтнинг ўзида консентранланган ташланма шакллантирилган видеотасмаси далил сифатида расмийлаштирилган.
Ушбу корхоналарни текшириш давомида:
1) “Согда кимё завод” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётгани, ўз ҳудудида бетартиб чиқиндихона яратгани ҳамда қурилиш жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларини ҳудудидан ташқарида жойлаштиргани, зарарли моддалар очиқ ҳовузда сақланаётгани, зарарли моддаларни эритиш жараёнида ҳосил бўлган кислотали сувлар очиқ рельефга ташлангани, атмосфера ҳавосига назоратсиз ташланмалар чиқараётгани аниқланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 7 млрд 382 млн сўм тўловлар белгиланган;
2) “Ферросплав” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётгани, хомашёни эритишдан ҳосил бўлаётган ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилаётгани ва саноат чиқиндилари бетартиб тўпланаётгани аниқланган;
3) “Zarafshon industrial technology МЧЖ эса давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талабларни бажармагани, рухсат этилган меъёрдан водород сульфид 25 баравар, азот оксиди 12 баравар, аммиак 7 баравар, олтингурут қўш оксиди 2,6 баравар, водород сульфид 40 баравар юқори экани ва олтингугурт сақлаш омборхонасида зарарли моддаларни сақлаш талабларига роия этилмагани аниқланган.
Мазкур саноат корхоналари атроф-муҳитни экологик нормативдан ортиқ даражада ифлослантиргани ва белгиланган қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани сабабли Экология вазирлиги томонидан уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Мазкур корхоналарга экологик тадбирларни амалга ошириш учун 10 кун муддат берилган. Ушбу муддат ичида корхоналар ўз фаолиятини экологик талабларга мослаган ҳолда йўлга қўймаса, судга тегишли равишда уларнинг фаолиятини тугатиш бўйича даъво аризалари киритилиши маълум қилинган.
Иккинчи ҳолатда Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 та гуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда.
Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабаларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланган.
Шу билан бир қаторда, ўрганиш давомида 22 корхона – (“Қурилиш маҳсулотлари” (ғишт заводи), “Навоий глобал транс сервис” (гранит), “Иттифоқ” (ғишт заводи), “Қизилқум темир бетон” (плита), “Қизилқум шифер” (шифер), “Стройком-77” (буёқ пегменти), “Кармана кварц” (оҳак заводи), “Навоий утиль мед” (тиббиёт чиқиндиларни ёқиш), “Навоий асир инвест” (кимёвий моддалар сақлаш омбори), “БАРНО” (қурилиш чиқинди полигони), “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак ва тош майдалаш цехи), “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак завод), “Навоий асир инвест савдо” (сирка кислотаси омборхона), “Монтаж сервис маликработ” (металга ишлов бериш), “Карманасут” (сут қайта ишлаш), “Алибобо-2020” (темир эритиш), “Фосхим агро” (фосфорли ўғит ишлаб чиқариш), “Жаҳон бизнес барака сервис” (оҳак цехи), “Рубин-кармана” (асфальт завод), “Согда кимё завод” (кимёвий ўғит ишлаб чиқариш), “Ферросплав” (металл эритиш) МЧЖлар, “Парда бобо устахонаси” (бетон блок) фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмагани, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилгани, бетартиб чиқиндихоналар яратилгани сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилган. Камчиликларини баратараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилган.
Бундан ташқари, “Навоий азот корхонаси” фаолияти ўрганилганда корхона ҳудудида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларда сақлаб келингани, қурим (сажа) чиқиндиси ёқиб юборилиши оқибатида атмосфера ҳавоси ифлослантирилгани аниқланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 29 июль куни корхонанинг карбамид цехида олинган таҳлил натижасида аммиак белгиланган меъёридан 1,08 маротаба юқорилиги, 30 июлга ўтар кечаси “Навоиязот” АЖ атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида соат 23:43 да шарқий ҳудуд атрофида (NH₃) аммиак моддаси миқдори 1,5 марта, (H₂S) водород сульфиди 36 марта, соат 00:16да ғарбий ҳудуд атрофида (NH₃) аммиак моддаси миқдори 6,6 марта (H₂S) водород сульфиди 1,4 марта, (SO2) олтингугурт тўрт оксиди моддаси 1,2 марта меъёрдан юқори чиқиши ҳолати аниқланган.
Оқибатда корхона жарима ва компенсация тўловларига тортилиб, унга ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун 10 кун муддат белгиланган.
Жорий йилнинг 24 июль куни тунги вақтда ўтказилган тезкор назорат тадбири давомида Навоий шаҳрига чегарадош Кармана туманининг тоғли ҳудудида 24 нафар фуқаро томонидан тегишли рухсатномаларсиз, экологик меъёрларга мутлақо зид бўлган ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилаётгани, оқибатда атмосфера қора тутун ва чанглар билан ифлослантирилаётгани аниқланган. Оқибатда жами 24 нафар фуқарога нисбатан 18 млн сўм жарима белгиланган ҳамда ноқонуний қурилмалар бузиб ташланган.
“Фаолиятини экологик экспертизадан ўтказмаган, экологик қонунчилик ва талабларга мувофиқ фаолият юритмаётган корхоналарга жазо чораларини кўриш ва уларнинг фаолиятини экологик ҳуқуқий меъёрларга мослаштириш бўйича Навоий шаҳри бўйлаб ўрганишлар тун-у кун давом этмоқда. Ўрганишлар натижаси бўйича Навоий шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтиришда ҳар бир корхона кесимида амалга оширилиши лозим бўлган экологик тадбирлар дастури шакллантирилади ҳамда Навоий вилояти Халқ депутатлари кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.
Вазият қатъий назорат остида. Экология вазирлиги табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигини бузувчи корхоналарга нисбатан бундан буён ҳам қатъий чоралар кўради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни тонгги вақтда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплаганди. 21 июль куни тонгги вақтда Навоий шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна чангсимон тутун кузатилганди.
Кейинроқ эса журналист Рухсора Бобоқулова “Навоий” телеканали эфирида Навоий шаҳрида заҳарли газлар тарқалаётганини айтиб, эгология бошқармаси ходимларини “салқин хонасидан чиқиб, у қаердан келаётганини аниқлаш”га чақирди. Журналист очиқ гапиргани ортидан унга босим бўлаётгани, Навоий вилояти телерадиоканалида жонли эфирлар тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги эса Рухсора Бобоқуловага ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмагани ва у ўз ижодий фаолиятини давом эттираётганини билдирди.
Live
Барчаси