Навоийда масъулларни хонасидан чиқишга чорлаган журналист босимга учрадими?
Жамият
−
26 Июль 12554 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда журналист Рухсора Бобоқулова Навоий шаҳридаги заҳарли тутун ҳақида жонли эфирда очиқ гапиргани ортидан унга босим бўлаётгани, Навоий вилояти телерадиоканалида жонли эфирлар тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Бобоқулова эфирда Навоий шаҳрида заҳарли газлар тарқалаётганини айтиб, эгология бошқармаси ходимларини “салқин хонасидан чиқиб, у қаердан келаётганини аниқлаш”га чақирган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 июль куни вилоят телерадиоканали студиясида жиҳозлаш ишлари олиб борилгани ҳамда LED экран ўрнатилгани боис, куннинг иккинчи ярмига қадар вақтинча онлайн эфирлар тўхтатиб турилган.
Жиҳозлаш ишлари тугагач, жорий йилнинг 24 июль куни соат 18:00 да вилоят телерадиоканали орқали “Очиқ мулоқот” ҳамда 25 июль куни “Ассалом, янги кун!” тонгги дастури 8:00 дан 10:00 гача жонли эфирга узатилган.
Ҳокимликнинг билдиришича, Рухсора Бобоқуловага ҳам ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган ва у айни пайтда ўз ижодий фаолиятини давом эттирмоқда.
“Навоий вилояти ҳокимлиги оммавий ахборот воситаларида демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири бўлмиш – сўз эркинлиги, очиқлик, ошкоралик принципларини доимо қўллаб-қувватлайди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни тонгги вақтда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплаганди. 21 июль куни тонгги вақтда Навоий шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна чангсимон тутун кузатилганди. Ушбу ҳолатга кўпчилик “Навоийазот”АЖни айблади. Бу тутун корхона фаолияти билан боғлиқ эмаслигини исботлаш мақсадида унинг аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехи ҳудудига зудлик билан қўшимча кузатув камераси ўрнатилганди. Ёзиб олинган тасвирлардан чангсимон тутун собиқ Навоий электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётгани аниқланди.
Live
Барчаси