Хивада икки эгизакни уриб юбориб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
26 Март
7421Хивада эгизак ака-укани машинасида уриб юбориб, уларнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 9 йилга қамалди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг декабрь ойида Хива туманида Cobalt русумли автомашинани спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариб кетаётган ҳайдовчи эгизак ака-укани ва яна бир нафар вояга етмаган шахсни уриб юборган ҳамда воқеа жойидан кетиб қолган. ЙТҲ оқибатида ака-ука Ҳасан ва Ҳусанлар воқеа жойида вафот этган.
"15 декабрь куни тўйда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, рулга ўтирдим. Уйга қайтаётиб, йўл четидаги болаларни уриб юборганман. Кейин воқеа жойидан кетиб қолганман. Қилган ишимдан пушаймонман. Болаларнинг оила аъзоларидан кечирим сўрайман", дейди судланувчи эркак.
Жиноят ишлари бўйича Хива туман суди ҳукми билан судланувчи эркак Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) билан айбли деб топилиб, унга 9 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Хоразм вилояти Боғот туманида Cobalt русумли автомашина йўлдан четга чиқиб, ағдарилиб кетганди.
Райҳона Улканбаева