Хивада 12,3 гектарлик янги халқаро туристик шаҳарча қурилади
Жамият
−
17 август 517 2 дақиқа
Бугун, 17 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида барпо этилиши режалаштирилган халқаро туристик шаҳарча лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент мутбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Хоразм вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш ва уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Охирги тўққиз йилда вилоятда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилиб, меҳмонхона фонди 4 баробар ошган, 11 та янги туризм маскани ишга туширилган. Сўнгги беш йилда хорижий сайёҳлар сони 10 карра кўпайган.
Янги туристик шаҳарча тарихий мерос ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини уйғунлаштирган ҳолда барпо этилади. Унинг меъморий концепциясини ишлаб чиқишда Хоразмнинг кўп асрлик шаҳарсозлик анъаналари, жумладан, 1511 йилда Хива хонлигининг илк пойтахти бўлган қадимий Вазир шаҳрининг тарихий тузилиши ва кўчалар тармоғи асос қилиб олинган.
Умумий майдони 12,3 гектар бўлган мажмуада меҳмонхоналар, тарихий ва замонавий экспонатлар намойиш этиладиган музей, миллий ва халқаро таомлар ресторанлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади.
Ҳудуднинг салмоқли қисми яшил майдонлар ва сайр йўлакларига ажратилади. Шаршарали фавворалар ва ички ариқлар ташкил этилади. Автотураргоҳларда қуёш панеллари ўрнатилган соябонлар барпо этилиши ҳам кўзда тутилган.
Таъкидланганишича, Хоразмда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмаси изчил ривожланаётгани сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, замонавий туристик мажмуаларни кўпайтириш, хизматлар турини кенгайтириш ва сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Янги шаҳарча Ичан-қалъага тушаётган туристик юкламани камайтириш, сайёҳлар учун янги йўналиш ва хизматларни таклиф этишга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида минглаб янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли учун автомобиллар ҳаракатидан холи яшил дам олиш ҳудудлари барпо этилиши кўзда тутилган.
Live
БарчасиҚобулда мактаб портлатилди
17 август