Хитой Ўзбекистонга лабораториялар учун қарийб 3 млн доллар ажратади

Жамият 1912
image

Хитой Ўзбекистонга лаборатория жиҳозлари сотиб олиш учун қарийб 3 млн доллар грант ажратади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.

Вазирлик буюртманомасига асосан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг лабораторияларини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш учун грант маблағлари ажратилишини маъқуллади.

Лойиҳа Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги лабораторияларини модернизация қилиш ва техник жиҳозлаш ҳамда уларнинг ходимларини замонавий лаборатория-таҳлил услубиётларига ўргатишни назарда тутади.

Лойиҳа доирасида ХХР Ҳукуматининг 2,9 млн АҚШ доллари миқдоридаги грантлари ҳисобига лаборатория ускуналарини сотиб олиш кўзда тутилган.

Лабораторияларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш диагностика тадқиқотларининг аниқлигини ва қишлоқ хўжалиги экинлари касалликларининг олдини олиш чораларини самарадорлигини оширишга имкон яратади. Шу билан бир қаторда, энг янги ишланмалар ва экспресс-услубларнинг жорий этилиши ҳисобига таҳлиллар ва экспертизалар натижаларини олишнинг юқори тезкорлиги таъминланади, бу эса карантин ости маҳсулотлари юкланган транспорт воситалари учун тегишли сертификатларни олиш муддатларини минималлаштириш имконини беради.

Ҳозирги вақтда зарур ускуналарни танлаш, тегишли техник ҳужжатларни тайёрлаш ва юкларни етказиб беришнинг техник параметрлари ва шартларини муҳокама қилиш бўйича иш олиб борилмоқда. Лаборатория ускуналари сотиб олинганидан сўнг, уларни ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш учун хитойлик мутахассисларнинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 3.1
t
×