Абдулла Арипов ШҲТнинг Хитой бўйича раҳбари билан учрашди
Жамият
−
02 Июнь
1976Жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Хитой иккинчи ҳудудлараро форумининг якунлари бўйича Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бугун, 2 июнь куни Хитой Халқ Сиёсий маслаҳат кенгашининг раиси ўринбосари, ШҲТнинг қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шэнь Юэюэ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Шэнь Юэюэ Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Хитой Халқ Сиёсий маслаҳат кенгаши раиси Ван Хуниннинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга йўлланган самимий саломи ва эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўради. Хитой Ўзбекистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва миллий манфаатлари йўлида олиб бораётган сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.
Кеча, 1 июнь кунидан бошлаб давлатлар ўртасида кучга кирган визасиз тартиб икки мамлакат ишбилармонлари доирасида алоқаларни ривожлантириш ҳамда сайёҳлар оқимини янада оширишда муҳим ўрин тутиши, шунингдек, Самарқанд шаҳрида ўтказилган иккинчи ҳудудлараро форуми якунлари бўйича эришилган келишувлар ҳамда имзоланган ҳудудлараро битимлар ва тижорат шартномалари ўзаро муносабатларни ривожлантиришга ҳисса қўшиши таъкидланди.
Бундан ташқари, учрашувда икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш, хусусан, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, маданий-гуманитар ҳамда илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29-30 апрель кунлари Ўзбекистон ҳукумати делегацияси амалий ташриф билан Хитойнинг Урумчи шаҳрида бўлганди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном тумани Партқўми котиби Ма Синжуй бошчилигидаги икки мамлакат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтганди.