Хитой ТИВ Франциядаги элчисининг гапларига изоҳ берди
Олам
−
24 Апрель 2023
14998Хитой Қрим бўйича позицияси ўзгармагани ва барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилишини маълум қилди. Бу ҳақда бугун, 24 апрель куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шайнинг 21 апрелда LCI телеканалига берган интервьюсига изоҳ берди.
Гап шундаки, Лу Шай телемулоқот чоғида Қримни Украинанинг ери деб тан олишдан бош тортганди. Шунингдек, у постсовет давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам суверенитетини кучли ҳуқуқий асосга эга эмаслигини айтган.
“Хитойнинг тегишли масала бўйича позицияси ўзгармади. Ҳудудий суверенитетга нисбатан Хитойнинг позицияси доимо аниқ бўлиб келган. Хитой барча мамлакатлар суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади ҳамда БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларини қўллаб-қувватлайди”, деган Мао Нинг.
Унинг қайд этишича, Хитойнинг Украина масаласидаги позицияси аниқ ва изчил. Шунингдек, Мао Нинг Хитой халқаро ҳамжамият билан Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшишда давом этишга тайёр эканини, бироқ айрим оммавий ахборот воситалари Хитойнинг Украина масаласидаги позициясини нотўғри талқин қилаётгани ҳамда Хитой ва тегишли давлатлар ўртасида келишмовчиликни келтириб чиқараётганини айтган.
Бундан ташқари, у Хитой СССР таркибига кирган барча республикаларнинг суверенитетини ҳурмат қилишини таъкидлаган.
“СССР парчаланганидан сўнг Хитой биринчилардан бўлиб турдош давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери Хитой доимо ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик тамойилига амал қилиб, икки томонлама дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантирди. Хитой Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин тузилган республикаларнинг суверен мақомини ҳурмат қилади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай Қримнинг мақоми ҳақида фикр билдирар экан, у аслида Россияники эканини айтганди. Шунингдек, элчи “собиқ СССР мамлакатлари халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳақиқий мақомга эга эмас, чунки уларнинг суверен давлат сифатидаги мақомини белгиловчи халқаро шартнома йўқ”, деб таъкидлаган. Шундан сўнг, Литва, Латвия ва Эстония Хитойнинг ўз мамлакатларидаги дипломатик вакилларини бу бўйича тушунтириш бериш учун Ташқи ишлар вазирлигига чақиришга қарор қилди.
LiveБарчаси