Хитой Ташқи ишлар вазири Тожикистонга келади

Олам

image

Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Тожикистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Билдирилишича, Ван Ининг мамлакатга сафари Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Мухриддиннинг таклифига биноан амалга оширилади. Хитойнинг бош дипломати 17-18 май кунлари Тожикистонда бўлади.

Ташриф чоғида Ван И Тожикистон томони билан мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Унинг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашуви, шунингдек, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида яқин икки йилга (2024-2025 йилларга) мўлжалланган ҳамкорлик дастурининг имзоланиши ташрифнинг муҳим дақиқаларидан бири бўлади.

Маълумот учун, ҳозирда Хитой Бош вазири ўринбосари Лю Гочжуннинг Марказий Осиё давлатларига сафари давом этмоқда. У аллақачон Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлган ва Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг еттинчи йиғилишида қатнашган. Бугун, 16 май куни Лю Гочжун Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди. У Қозоғистондан сўнг Қирғизистонга ҳам боради. Хитой Бош вазири ўринбосарининг Марказий Осиёдаги 3 давлатга сафари 20 майгача давом этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонга сафар қилганди. Кэмерон мазкур сафардан Марказий Осиё мамлакатларига Буюк Британия ҳамда минтақада таъсир ўтказиш учун курашаётган Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилиш ўртасида “танлов” қилиш имконини беришни кўзлаганини очиқ айтди. Кэмерон кетганидан кўп ўтмай, 26 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Учрашувдан сўнг матбуотга баёнот берган Галузин Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи Россияга максимал даражада зарар етказишга ва уни иттифоқдошларидан узоқлаштиришга қаратилганини таъкидлади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Хитой Ван И

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made