Хитой Россия самолётлари учун осмонини қисман ёпди

Олам 15000
image

Хитой Россия авиакомпанияларининг Boeing ва Airbus самолётлари учун ҳаво ҳудудини ёпди. Бу ҳақда РБК икки расмий манбасига таяниб, хабар берди.

Манбага кўра, май ойида Хитой авиация раҳбарияти барча авиакомпаниялардан ширкат эгалари, самолётлар ва ерда хизмат кўрсатиш шартномалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон маълумотномани янгилашни сўраган.

“Россия авиаташувчилари бу маълумотни янгилади, бироқ Хитой импорт қилинган самолётлар хорижда расман рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқлашни сўради. Россия томони ушбу ҳужжатларни топшира олмади, шунинг учун Хитой халқаро авиация қонунчилигига мувофиқ, фуқароларини бундай самолётларда парвоз қилишидан бош тортди”, деган номи ошкор қилинмаган манба.

Россия авиакомпаниясининг яна бир манбаси самолётларга тегишли сертификатсиз парвоз қилиш тақиқланганини тасдиқлаган.

РБК суҳбатдошининг таъкидлашича, ҳозир бошқа давлатларда ҳам худди шундай талаблар қўйилмоқда – масалан, Туркия икки томонлама рўйхатдан ўтган самолётларни бошқаришга рухсат бермаяпти.

Россия Федерал ҳаво транспорти агентлиги вакили бу маълумотга изоҳ бермади. Айни пайтда Хитойнинг Транспорт вазирлиги, Фуқаролик авиацияси маъмурияти томонидан ҳам ҳеч қандай изоҳ йўқ. 

Февраль ойи охиридан бери Ғарб давлатлари Россия авиация саноатига қарши бир қатор санкциялар киритди. Европа Иттифоқи Россия самолётларига ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлади, шунингдек, мамлакатга самолётлар ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тўхтатди. Бундан ташқари, ЕИ лизинг компанияларини Россия ташувчилари билан шартномаларни бекор қилишга мажбур қилди. Санкциялар доирасида лизинг берувчилар Россия авиакомпанияларининг лайнерларини хорижда ҳибсга олишни бошлади, шу сабабли улар халқаро рейсларни бекор қилди.

Россия Президенти Владимир Путин самолёт лизингининг тўхтатилиши ҳақида гапирар экан, Ғарб давлатлари россиялик шерикларни алдаб, “бир томонлама равишда ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортганини” айтди. Саноатни қўллаб-қувватлаш чораси сифатида у ижарага олинган хорижий ҳаво кемаларини Россияда рўйхатдан ўтказишга рухсат берди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 403
Рейтинг: 3
t
×