Ўзбекистон билан савдодаги етакчи давлатлар маълум бўлди
Жамият
−
21 Октябрь 2019
5226Жорий йилнинг январь-cентябрь ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 31,6 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 млрд АҚШ долларига ёки 37,2 фоизга кўп. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу кўрсаткичдан экспорт ҳажми 13,6 млрд АҚШ долларига (ўсиш суръати – 45,5 фоиз) ва импорт ҳажми эса 17,9 млрд АҚШ долларига (ўсиш суръати – 31,5 31,5 фоиз) етди. Ҳисобот даврида 4,2 млрд АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо айланмаси қайд этилди.
Ўзбекистон жаҳоннинг 181 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Республика ташқи савдо айланмасининг дунё давлатлари қаторига нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой Халқ Республикасида (18,7 фоиз), Россия Федерациясида (14,9 фоиз), Қозоғистонда (8,3 фоиз), Корея Республикасида (6,6 фоиз), Туркияда (5,8 фоиз), Германияда (2,4 фоиз) ва Қирғизистонда (2,0 фоиз) қайд этилган.
2019 йилнинг III чорагида ташқи савдо айланмаси ҳажми 11,9 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва жорий йилнинг иккинчи чораги билан таққослаганда 16,4 фоизга ўсди.
2019 йилнинг 3 чорагида ташқи савдо айланмаси умумий ҳажмида импорт улушининг камайиши (58,1 фоиздан 56,2 фоизга), экспорт улушининг эса кўпайиши (41,9 фоиздан 43,8 фоизга) кузатилди. Ташқи савдо айланмасининг чораклик тузилмасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ташқи савдода экспорт улуши 8,9 фоиз пунктга ўсди.
2019 йил январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми 10,7 млрд АҚШ долларини ташкил қилди ва Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 33,8 фоизга етди. Қўшни давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши ўзаро савдо-сотиқ алоқаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдонинг қарийб 37,7 фоиз, шундан экспортнинг 42,6 фоиз ва импортнинг 33,9 фоиз қўшни мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Бошқа хорижий давлатларнинг ташқи савдо айланмасидаги улуши 66,2 фоизга етиб (20,9 млрд АҚШ доллари) ўтган йилнинг мос давридаги ташқи савдо айланмасига нисбатан 47,8 фоизга ошган. Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан беш давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Афғонистон (424,2 млн АҚШ доллари), Қирғизистон (423,7 млн АҚШ доллари), Тожикистон (104,0 млн АҚШ доллари), Франция (44,0 млн АҚШ доллари) ва Эрон (6,1 млн АҚШ доллари). Қолган 15 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь