Хитой Россия билан чегарада тиканли тўсиқлар ўрнатмоқда
Олам
−
27 Сентябрь 2022
22974Хитойнинг Россия билан чегарадош Хэйхэ шаҳрида (Хэйлунцзян провинцияси) икки давлатни боғлаб турувчи Амур дарёси устидаги кўприк яқинида қирғоқ бўйлаб тиканли сим ўрнатилди. Россия билан чегарани бузишга бўлган уринишларнинг олдини олиш учун шундай чора кўрилган.
Кўприк яқинидаги вазият Хэйхэ телевидениеси томонидан шаҳар Халқ ҳукумати сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ян Чжаньхун билан суҳбат чоғида намойиш этилди.
“Biang” нашрининг кузатишларига кўра, Амур дарёси устидаги кўприк яқинидаги чегара инфратузилмаси иншоот 11 июнда фойдаланишга топширилганидан сўнг биринчи марта маҳаллий телевидениеда намойиш этилмоқда. Кўприк фойдаланишга топширилгунга қадар Амур қирғоқлари бўйлаб тиканли тўсиқ ўрнатилмаган, фақат тўғон бўлган.
Суҳбат чоғида Ян Чжаньхун сув ресурслари бошқармаси Чанфацунь қишлоғи ҳудудида (Амур бўйлаб автомобиль кўприги ёнида – таҳр.) сув тошқинидан ҳимоя қилувчи иншоотларни ўрнатишни якунлаганини тушунтирган. Шунингдек, у объектлар қурилиши тўлиқ инвестициялар ҳисобидан бўлганини таъкидлаган.
Кадрларда, шунингдек, Хитой томонидан Амур дарёси устидаги кўприк яқинидаги мустаҳкамловчи тўғонга сув тошқинлари содир бўлганда дарёдаги сув сатҳини назорат қилиш имконини берувчи сув қалқонлари тизими ўрнатилганини кўриш мумкин.
Бу тўсиқларнинг Россияда сафарбарлик эълон қилиниши ортидан руслар мамлакатни оммавий равишда тарк этаётганига алоқаси бор-йўқлиги номаълум.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.
Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси