Россия ва Хитойнинг яқинлиги урушдан кўра кўпроқ хавф туғдиради – Болтон
Олам
−
22 Март 2023
9502Россия-Хитой иттифоқининг шаклланиши Ғарб давлатлари учун ҳақиқий муаммо туғдиради, бу Украинадаги можародан ҳам жиддийроқдир. Бу ҳақда Британиянинг “The Telegraph” газетасига берган интервьюсида АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ ёрдамчиси Жон Болтон сўз очди.
“Хитой ҳам, Россия ҳам буни чегарасиз иттифоқ демоқда ва менимча, улар буни жиддий назарда тутяпти. Украинада нима бўлишидан қатъи назар, бу Ғарб учун ҳақиқий муаммо. Менимча, Россия-Хитой ўқи шаклланмоқда, унга Эрон ва Шимолий Корея қўшилади. Харитага қаранг, географияга қаранг. Биз буни жиддий қабул қилишимиз керак”, дейди у.
Болтоннинг сўзларига кўра, Ғарб ХХР ҳам ядровий соҳада, ҳам анъанавий соҳада таҳдидга айланиб бораётгани сабабли жорий тўхтатувчилик концепциясини қайта кўриб чиқишни бошлаши керак. Унинг ишончи комилки, Хитой умуман Ғарбга экзистенциал хавф туғдиради ва бу хавфсизлик масалаларига жиддий ёндашишни талаб қилади.
Болтон, шунингдек, НАТО Россия Федерациясига қарши курашиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини қўшимча қилди.
У Хитой Россиянинг Украинага босқини бошиданоқ Россия Федерациясини бетараф қолишга ҳаракат қилмасдан қўллаб-қувватлаганини айтди. Америка етакчиси собиқ ёрдамчисининг фикрича, Пекинда Россия Федерациясига тўғридан-тўғри қурол етказиб бермасдан, Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Унинг фикрича, ХХР Беларусь ёки КХДРга қурол сотиши мумкин, бу эса кейинчалик Россияда қолиб кетади. Шунингдек, у Россияга қурол яратиш учун зарур бўлган бутловчи қисмларни етказиб бериш, шунингдек, унга Хитойдан молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятларини тилга олди.
2005-2006 йилларда АҚШнинг ташкилотдаги доимий вакили сифатида ишлаган Болтон БМТнинг Украинадаги можарони ҳал қилишдаги ролини баҳолар экан, гуманитар ташаббуслардан ташқари БМТ томонидан можарога деярли жавоб бўлмаганини айтди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сиёсий қарор қабул қилиш органлари моҳиятан ишламайди ва бир мунча вақтдан бери фаолият кўрсатмайди. Бу, айниқса, Хавфсизлик Кенгашига тўғри тааллуқли”, дейди Болтон.
Унга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Совуқ уруш давридаги каби боши берк кўчага кириб, бу орган катта роль ўйнамаган.
“БМТ, худди ўзидан олдинги Миллатлар Лигаси сингари, тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларга жавоб беради, деган тушунча аниқ тасдиқланмаган”, дейди у.
Си Цзиньпиннинг Россияга давлат ташрифи 20 март куни бошланди. Путин билан норасмий учрашувда Хитой раҳбари россиялик ҳамкасбини 2023 йилда Хитойга ташриф буюришни таклиф қилди. Олий даражадаги музокаралар якунида Россия Федерацияси ва Хитойнинг янги даврга қадам қўяётган ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёноти эълон қилинди. Бугун, 22 март куни Си Цзиньпиннинг Россияга ташрифи якунлаб, у Пекинга жўнаб кетди.
LiveБарчаси