Хитой коинотга инсон эмбрионларини учирди

Бу қизиқ

image

Хитойлик олимлар инсоннинг кўпайиш имкониятларини ўрганиш мақсадида коинотда инсон эмбрионлари билан тажриба ўтказишни бошлади. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.

Газетанинг давлат телекомпаниясига таяниб хабар беришича, инсоннинг сунъий эмбрионлари жорий йилнинг 11 май куни “Тяньчжоу-10” учувчисиз юк ташувчи космик кемаси бортида “Тяньгун” космик станциясига етказилган.

Лойиҳа раҳбари Юй Лэцяньнинг сўзларига кўра, асосий мақсад – инсоннинг Ердан ташқаридаги ҳудудларда эҳтимолий яшаб қолишига тайёргарлик кўриш доирасида, гравитация (ва вазнсизлик)нинг ривожланишнинг илк босқичларига таъсирини ўрганишдир.

“Биз оқибатларни юмшатиш учун муайян технологиялардан фойдаланишимиз мумкин. Бу бизнинг: “Инсонлар коинотда яшаб қола олишадими ва кўпая олишадими?” деган саволларга жавоб бериш йўлидаги илк уринишимиздир. Умид қиламанки, жавоб ижобий бўлади”, дейди Хитой Фанлар академияси Зоология институти Давлат ҳужайра ва репродуктив биология лабораторияси профессори ва илмий ходими Юй Лэцянь.

Унинг қайд этишича, эмбрионлар ҳақиқий инсон эмбрионларига ўхшаш тузилишга эга бўлган ўзак ҳужайралардан сунъий равишда яратилган. Гарчи улар эмбрионал босқичдан нарига ривожланишга қодир бўлмаса-да, олимларга инсоннинг илк ривожланиш имкониятларини ўрганишда ёрдам бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик олимлар Ойдан олинган намуналар таркибида илгари номаълум бўлган иккита янги минерал борлигини аниқлаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

тадқиқот олим коинот эмбрион

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг