Хитой Фаластинни қўллашга ваъда берди

Олам 14217
image

Хитой Қуддуснинг тарихий мақомини ўзгартиришга қаратилган барча бир томонлама ташаббусларга қарши. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэньбинь маълум қилди.

“Биз Қуддуснинг тарихий мақомини ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай бир томонлама уринишларга қаршимиз”, деган у.

Хитой дипломатик идораси вакили сўнгги кунларда Исроил хавфсизлик кучларининг Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига қарши ҳаракатлари натижасида юзага келган зўравонлик ва тўқнашувлар авж олганидан хавотир билдирган.

Вэньбинь томонларни вазминликка чақирди ва Хитой Фаластин масаласининг “маргиналлашуви ва унутилишига” қарши эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, “ярим асрлик адолатсизликка чек қўйиш” зарур.

Дипломат халқаро ҳамжамият ва биринчи навбатда, буюк давлатлар “боши берк кўчага кириб қолган Фаластин муаммосига тик қараши керак” ва томонлар ўртасида тинчлик музокараларининг тезроқ бошланишига ҳисса қўшиши кераклигини таъкидлади.

“Хитой Фаластин можароси ҳал этилмагунича, Фаластин халқининг адолатли ишини қўллаб-қувватлашда давом этади”, деб ишонтирган Вэньбинь.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди. Бу ҳолат шундан бери ҳар куни такрорланиб келмоқда.

Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 223
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×