Хитой дориси Ўзбекистонда расмий ҳужжатга киритилди. Уни илк бор Диёра Усмонова тавсия қилганди
Жамият
−
12 Август 2020
16787Хитойда ишлаб чиқарилган Ляньхуа Цинвен дориси Ўзбекистонда коронавирусни даволашда қўлланиладиган препаратлар қаторига киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан коронавирус инфекциясига қарши курашишда фойдаланиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритилди.
Қарор билан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказмасдан, мажбурий сертификациялаштириш шарти билан импорт қилинадиган, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхатига ҳам тегишли ўзгартиришишлар киритилди.
Янгиланган рўйхатда юқорида айтганимиздек, Ляньхуа Цинвен дориси ҳам бор.
Шунингдек, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказмасдан ҳамда сертификатлаштирмасдан импорт қилинадиган, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган тиббий буюмлар ва тиббий техникалар рўйхати кенгайтирилиб, 5 турдаги тиббиёт буюмлари қўшилган.
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Зангиотадаги шифохонада коронавирусга чалинган беморлар қўлланмага зид равишда хитой препарати билан даволанаётгани ҳақида хабар берганди.
Бунга Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Рустам Икромовнинг қуйидаги гаплари асос бўлган:
“Хайрия сифатида Хитой давлатидан юборилган ушбу дори воситаси тегишли меъёрлар асосида ўрганиб чиқилган ва унинг таркибидаги ўз таъсирини кўрсатиши мумкин бўлган фаол моддалар юзасидан хулоса олинган. Айни кунларда Зангиота туманидаги шифохонада ушбу доридан коронавирусга чалинган беморларни даволашда фойдаланиб келинмоқда”.
Энг қизиғи, Коронавирусга қарши кураш штабининг бошқа бир аъзоси Ҳабибулло Оқиловга ушбу дори ҳақида айнан юқоридаги савол билан мурожаат қилганимизда, бу препарат ҳақида биринчи марта эшитаётганини маълум қилганди.
Ҳукумат охир-оқибат катта профессорнинг хабари йўқ доридан коронавирус беморларини даволашда фойдаланишни расмийлаштирибди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу дорини илк бор ўзбекистонлик таниқли хоним Диёра Усмонова ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали тавсия қилиб, ўзи ва яқинлари мазкур препаратдан коронавирусни даволашда фойдаланаётгани ҳақида айтганди.
LiveБарчаси