Зангиотадаги шифохонада Хитойдан келтирилган доридан қўлланмага зид равишда фойдаланиляпти
Жамият
−
11 Август 2020
14264Ўзбекистонда Хитойда ишлаб чиқарилган Ляньхуа Цинвен дори воситаси оммалашиб бормоқда. Асл нархи 2 долларни ташкил қиладиган дорининг бугун қўлдаги нархи 350 минг сўмгача кўтарилди. Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Зангиотадаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада мазкур дорини хайрия сифатида етказиб берган шахслардан қабул қилиб олаётгани акс этган видео тарқалди. Бу билан Ляньхуа Цинвен коронавирусни даволаш бўйича қўлланмага киритилмаган бўлса ҳам касалликни даволашда самарали ва Зангиота шифохонасидаги беморларга бериляпти дейиш мумкинми? QALAMPIR.UZ ушбу савол билан Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Рустам Икромовга мурожаат қилди.
“Хайрия сифатида Хитой давлатидан юборилган ушбу дори воситаси тегишли меъёрлар асосида ўрганиб чиқилган ва унинг таркибидаги ўз таъсирини кўрсатиши мумкин бўлган фаол моддалар юзасидан хулоса олинган. Айни кунларда Зангиота туманидаги шифохонада ушбу доридан коронавирусга чалинган беморларни даволашда фойдаланиб келинмоқда”, дейди Рустам Икромов.
Агар ушбу доридан фойдаланиш бошланган бўлса, нега у Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан ишлаб чиқилган қўлланмаларнинг ҳеч бирига, жумладан 31 июль куни қабул қилинган 6-қўлланмага киритилмаган? Бундан чиқди, мамлакатда коронавирусни даволашда шифохоналарда қўлланмага киритилмаган дорилардан ҳам фойдаланиш мумкин, шундайми? Агар ушбу дори коронавирусни даволашда самарали бўлса, нега у дорихоналарда йўқ ва уйда даволаниш бўйича қўлланмага ҳам киритилмаган?
Жорий йилнинг 3 август куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда QALAMPIR.UZ мухбири Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқиловга ушбу дори ҳақида айнан юқоридаги савол билан мурожаат қилган эди.
“Мен бу дори ҳақида биринчи марта эшитишим. Бу қандай дори мен билмайман”, деган эди Оқилов.
Қизиқ, коронавирусга қарши кураш штабининг бир аъзоси 7-8 кун аввал бу дори ҳақида умуман эшитмаганини айтса, орадан вақт ўтгач, иккинчиси дорининг фойдаси борлигини эътироф этса, буни қандай тушуниш мумкин? Нима Ўзбекистонда дорилар бўйича штаб аъзоларининг ҳам, бошқа шифокорларнинг ҳам ўзаро бир тўхтами йўқ? Ушбу дорини вазир ўринбосари қабул қилиб олсаю штаб аъзоси бу дори ҳақида умуман билмаслигини айтиб турса... Шаҳар бедарвозами?
Эслатиб ўтамиз, ушбу дорини илк бор Диёра Усмонова ўзида ва яқинларида қўллаб кўрганини айтиб чиққан эди.
LiveБарчаси