Хитой армияси гуманоид роботларга жанг қилишни ўргатяпти
Олам
−
07 сентябр 626 2 дақиқа
Хитой Халқ-озодлик армияси гуманоид роботларни жанговар шароитда иштирок этишга тайёрлашни бошлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Хитой гуманоид роботларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчисига айланган. Америка банги баҳолашига кўра, 2025 йилда жаҳон бўйича экспортнинг 95 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келган. Хитойлик тадқиқотчилар ўз иқтисодиётини техник қайта қуроллантиришни таъминлаш мақсадида уларни фаол ривожлантирмоқда. Бу орада Хитой Халқ-озодлик армияси ўз қайта қуролланиши – гуманоид роботларни жанговар шароитда иштирок этишга тайёрлаш билан шуғулланмоқда.
Қайд этилишича, Хитойдаги ҳарбий муассасалар уларни ҳарбий ҳаракатлар давомида қўллаш имкониятларини синовдан ўтказмоқда, роботларнинг ўзини ва уларни ўқитиш технологияларини харид қилмоқда, уларнинг аскарлар билан ўзаро ҳамкорлигини тадқиқ этмоқда. Бу ҳақда ҳарбий харидлар, илмий тадқиқотлар, патентлар, расмий хабарлар, ҳукумат ва мудофаа компаниялари ҳужжатларига оид 100 дан ортиқ эълонлар таҳлили кўрсатади. Бу ишлар 2025–2026 йилларда жадал тус олган. Асосий эътибор роботларнинг атроф-муҳитни қабул қилиши, манипуляция ва ўқитиш учун маълумотларга қаратилмоқда.
Ҳозирча жанговар роботлар армиянинг амалдаги бўлинмаларига етказиб берилгани йўқ. Бироқ шаҳардаги жангларда уларни қўллаш концепцияси аллақачон таклиф қилинган. Миллий мудофаа технологиялари университети (NUDT) 2025 йилдаги тадқиқотда штурм гуруҳларининг таркиби ва ҳаракатларини моделлаштирган. Ҳар иккала шундай гуруҳга олтита “жанговар робот” – гуманоидлар, итсимон ёки учувчисиз аппаратлар ажратилади. Аскарлар билан биргаликда ҳаракат қилиб, роботлар душман эгаллаб олган бинода хонама-хона, қаватма-қават тозалаш ишларини олиб боради.
“Жанговар вазият кўплаб ўзгарувчан омиллар билан тавсифланади ва роботлар кутилмаган синовларга дуч келиши мумкин”, дейди Карнеги-Меллон университети машинасозлик профессори Аарон Жонсон.
Лос-Анжелесдаги Калифорния университети машинасозлик ва аэрокосмик инжиниринг кафедраси профессори Деннис Хоннинг айтишича, роботларни одамларни юборишни истамайдиган жойларга юбориш имконияти – уларни ишлаб чиқиш билан шуғулланишнинг энг асосли сабабларидан бири.
“Агар роботни йўқотиш инсон ҳалокатининг олдини олишга имкон берса, демак, робот сарфланувчи материал бўлиши мумкин”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Ухань шаҳрида гуманоид роботлар учун кундалик ҳаётий вазифаларни ўрганадиган махсус роботлар мактаби очилганди.