Midweek: НАТО ва Россиянинг Польшадаги “2027 йилги учрашуви”, Хитойнинг жаҳаннам қуроли, “дастурхон” устидаги Пентагон сирлари, Путиннинг музокараларга ёққан “яшил чироғи”
Таҳлил
−
23 Апрель
5127Трамп маъмурияти ҳарбий махфийлик сиёсатини нафақат бир журналист кўз ўнгида, балки оила даврасида муҳокама қилгани маълум бўлди. Бу сафар шахсан Пентагон раҳбарининг ўзи қовун туширган.
Католик дунёсида катта йўқотиш. Папа Франциск 88 ёшида Ватикандаги қароргоҳида вафот этди.
Путиннинг Пасха сулҳи кўнгилдагидек ўтмади. Жанговор ҳаракатлар қайтадан бошланди. Аммо Путин томонидан дунё учун умидли сигнал берилди. У бевосита музокараларга тайёр.
Россия ва НАТОнинг эҳтимолий тўқнашуви яна икки йил олдинга сурилди. Мутахассис бу жараён 2027 йилдаёқ Польшадаги нозик чизиқлардан бошланиши мумкинлигини билдирди.
Пападан жудо бўлган католиклар
21 апрель куни Римдаги католик конфессиясининг Муқаддас тахти бўшаб қолди. Шу куни Папа Франциск 88 ёшида Ватикандаги қароргоҳида вафот этди. Ўлимидан бир кун олдин Рим Папаси Пасха байрами муносабати билан Ватикандаги Авлиё Пётр собори балконида чиқиш қилганди. Шунингдек, унинг сўнгги мурожаатлари Украина ва Ғазода давом этаётган қирғинларни тўхтатишга қаратилганди. 2025 йил февраль ойида Франциск икки марта пневмония билан шифохонага ётқизилган. 23 март кунига келиб, у шифохонадан чиқди ва апрель ойи бошида Ватикандаги Авлиё Пётр майдонида омма қаршисида ногиронлар аравачасида ўтириб, диндорларга мурожаат қилди. Шифокор Серхио Алфиери ўшанда 88 ёшли Папанинг шифохонадан уйига қайтишини “мўъжиза” деб атаганди. Унинг ўлими инсульт ортидан содир бўлгани маълум қилинди. Ватикан томонидан эълон қилинган ўлим гувоҳномасида айтилишича, инсульт оғир ва қайтариб бўлмайдиган юрак етишмовчилигига олиб келган. Тиббий хулосага кўра, Франциск мультимикробиял икки томонлама пневмония, кўп бронхоэктазия, юқори қон босими ва 2 турдаги диабет туфайли келиб чиққан ўткир нафас етишмовчилигидан азият чеккан. Маълумот учун, Франциск 2013 йилда папа этиб сайланган ва ўшандан бери бир неча касаллик билан оғриб келаётган эди. У 2021 йилнинг июль ойида ҳам 10 кун шифохонада ётиб, йўғон ичак торайишидан даволанган. Кейинчалик Франциск йўғон ичагининг бир қисмини олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиётидан ўтган. Бундан ташқари, у 2022 йилдан бери тиззаларидаги оғриқ сабабли ногиронлар аравачасидан фойдаланиб келган.
Айни дамда Ватикан Францискнинг дафн маросимига тайёрланмоқда ва бу тадбир жорий йилнинг 26 апрель куни бўлиб ўтказилиши маълум қилинди. Айтишларича, у папаларнинг дафн маросимини “ортиқча” деб ҳисоблаган ва бир нечта анъанавий тадбирлардан воз кечган. Қайд этилишича, Франсискни Ватиканга эмас, балки Санта-Мария-Мажор Рим базиликасига дафн этишади. Маросимга АҚШ Президенти Дональд Трамп, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Сильва келиши режалаштирилган. Эътиборли томони шундаки, папанинг дафн маросимига келиши айтилаётган Трамп учун бу ташриф, унинг иккинчи муддатга сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифи бўлади.
Шу тариқа, Ватикандаги тахт бўш қолди. Унинг навбатдаги эгаси ким бўлиши ҳақида эса қатор тахминлар мавжуд. Тартибга кўра эса Католик черковининг янги раҳбарини сайлаш учун Франсиск вафотидан 15-20 кун ўтгач конклав чақирилади. Ҳар қандай католик эркак бу лавозимга ўз номзодини қўйиши мумкин, лекин тажрибада папалар одатда кардиналлардан бири бўлади. Италиянинг “La Stampa” газетаси ҳозирда Ватикан давлат котиби лавозимини эгаллаб турган Петро Паролинни Рим папаси лавозимига энг асосий эҳтимолий номзод сифатида кўрсатди. Паролин, нашрнинг таъкидлашича, “черковни очиқ сақлай олади”. Аммо яна 3 нафар номзод ҳам бор бўлиб, улар ганалик Питер Тарксон, филиппинлик Луис Тагле ва венгриялик Петер Эрдодир. Марҳум папа Францискнинг ўзи эса Аргентиналик эди. Папанинг ўлимига дунёнинг турли нуқталарида мавжуд конфессиялардан келиб чиқиб, ўзига яраша муносабат билдирилмоқда. Жумладан, Аргентина ҳукумати бир ҳафталик мотам эълон қилди. Испания ва Ливанда ҳам мотам. Буюк Британияда эса аза белгиси сифатида Британия қироли Чарльз III'нинг барча қароргоҳларида давлат байроқлари ярмига туширилиши эълон қилинди. Дунё лидерлари қаторида Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Ватиканга ва ер юзидаги бутун католик аҳлига ҳамдардлик билдирди.
Оилавий юмушга айланган Пентагон иши
Мудофаа масаласи жуда нозик ва мамлакат хавфсизлигидаги энг таъсирчан муҳим бўғин ҳисобланади. Аммо ҳарбий соҳада дунёдаги энг қудратли мамлакатнинг бугунги раҳбарияти учун кўп эҳтимол бу тушунча ҳозирча аҳамиятсиздек кўринмоқда. Улар ҳарбий масалалар ва ундаги жиддий махфийликни кечки тушлик пайтида, оила даврасида муҳокама қилинадиган суҳбатга айлантирмоқда. Пентагон раҳбари, собиқ телебошловчи Пит Ҳегсет ва Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц томонидан йўл қўйилган хатолар анча пайтдан бери кўпчиликнинг ҳайрати ва кулгусига сабаб бўляпти. Эсингизда бўлса, Трамп томонидан унчалик ҳам хушланмайдиган “The Atlantic” нашрининг бош муҳаррири 24 март куни Signal мессенжеридаги АҚШнинг юқори даражали расмийлари мавжуд бўлган чатга тасодифан қўшилиб қолганини ошкор қилганди. Энг қизиғи унда Оқ уй расмийлари Яман ҳусийларининг позицияларига март ойининг ўртасида йўллаган зарбаларини муҳокама қилган. Зарба қачон берилиши ва миссия якунлангач улар бир-бирини табриклаши каби ёзишмалар суҳбатнинг асосини ташкил қилган. Чатда 18 киши, жумладан Мудофаа вазири Пит Ҳегсет, АҚШ Президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц ва ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Стивен Миллер каби амалдорлар бор эди. Журналист бу чатга Майк Уолтц номига очилган аккаунт томонидан юборилган ҳавола орқали кириб қолган. Кейинроқ нашр ёзишмаларнинг тўлиқ стенограммасини чоп этди. Журналистларга кўра, бу машмаша Signal мессенжеридаги ўша суҳбати иштирокчилари, жумладан, АҚШ Миллий разведка директори Тулси Габбард ва Марказий разведка директори Жон Ратклифф воқеани босди-босди қилмоқчи бўлган. Аммо бундан бутун дунё хабар топди. Трамп ўз маслаҳатчисининг мазкур қўпол хатосии хаспўшлашга ҳаракат қилиб, журналист бу чатга Уолтц эмас, балки унинг ёрдамчиси томонидан йўл қўйилган хато ортидан жалб қилинганини таъкидлади. АҚШ президенти суҳбатда ҳеч қандай махфий маълумотлар ошкор қилинмаганини ҳам қўшимча қилганди. Ўшанда бу хатоликка йўл қўйган “чат қаҳрамонлари” “The Atlantic” нашрининг мазкур воқеа ҳақидаги материалидан сўнг зудлик билан Сенатда кўрсатма берди. Улар ҳам ҳудди Трамп каби онлайн суҳбат давомида ҳеч қандай махфий маълумотлар берилмаганини айтди. Бироқ Мудофаа вазирлигининг собиқ расмийлари ҳужумдан олдин учиш вақти ва самолётларнинг турлари ҳақидаги хабарлар учувчилар ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин эди, деб ҳисоблади.
Аммо мана орадан бир ой ўтиб, АҚШ расмийлари томонидан очилган ўша чат ва ундаги муҳокамалар шунчаки “хамир учидан патир” экани маълум бўлди. “The New York Times”нинг хабарига кўра, АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет 15 март куни Sigran иловасидаги рафиқаси, укаси ва шахсий адвокатини ўз ичига олган шахсий чатда ҳам Яманга бериладиган бўлажак зарбалар тафсилоти билан ўртоқлашган. NYT манбаларига кўра, Пентагон раҳбари ушбу чатда ҳатто вазифаси Ямандаги ҳусийларга зарба бериш бўлган F/А-18 Hornet қирувчиларининг парвоз жадвалини ҳам эслатган. Худди шу ҳужум режалари юқорида номи қай этилган “The Atlantic” бош муҳаррири Жеффри Голдберг хатолик билан қўшилиб қолган Signal'даги бошқа бир чатда ҳам ошкор қилинган. Ушбу оилавий чатда мавжуд бўлганлардан бири, Ҳегсетнинг рафиқаси, “Fox News” телеканалининг собиқ продюсери ҳисобланади ва у Пентагон ходими эмас. Ҳегсетнинг укаси ва унинг шахсий адвокати Тим Парлаторе эса Пентагонда ишлайди. Атлантика муҳаррири тасодифан қўшилиб қолган суҳбат чатдан фарқли ўлароқ, бу чатни Ҳегсетнинг ўзи 2025 йил январь ойида, Пентагонга раҳбар этиб тасдиқланишидан олдин яратган. Чат “Defence Team Huddler” деб номланган ва Ҳегсет бунинг учун давлат телефонидан эмас, балки шахсий телефонидан фойдаланган. Унинг бу иши Майк Уолтцникидан ҳам ошиб тушди. Шу боис айни дамда АҚШ расмийлари Ҳегсет бошчилигидаги мудофаа соҳасида мавжуд махфийлик ҳақида жиддий хавотирда экани ва унга бу масалада ишонч қолмагани айтилмоқда.
Режа эмас, умидга боғланган тинчлик
19 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин Пасха байрами муносабати билан сулҳ эълон қилганди. Бу сулҳ 19 апрель соат 18:00 дан 21 апрель соат 00:00 гача амалда бўлиши айтилди. Путин бу вақт оралиғида Россия барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини билдирди. Зеленский эса бунга ишончсизлик билдириб, Путиннинг Пасха сулҳи Курск ва Белгород вилоятлари учун амал қилмаётганини таъкидлади. Бош қўмондон Александр Сирский 20 апрель куни соат тонги 6:00 ҳолати бўйича берган ҳисоботига кўра олдинги чизиқнинг турли ҳудудларида Россия бўлинмалари томонидан 59 марта ўққа тутиш ҳолатлари рўй берган ва бешта ҳужум операцияси амалга оширилган. Аммо Украина томонидан эълон қилинган кейинг ҳисоботларда бу рақамлар янгиланиб борди. Агар уларга ишонилса, Путин ўзи томонидан эълон қилинган бу қисқа тинчликка энг аввало ўзи амал қилмаган бўлиб чиқади. Чунки Зеленский Украина Қуролли Кучлари Бош Қўмондони Александр Сирскийнинг умумий ҳисоботига таяниб, 30 соатлик ўт очишни тўхтатиш режимида Россия қўшинлари турли йўналишларда 2000 маротаба бу сулҳни бузганини даъво қилди. Бу эса Путин “пасха сулҳини” “пасха ҳийласи”га айлантирганини билдиради. Аммо Россия томони ҳам ўт очишни тўхтатиш режимини Украина ҳам бузганини иддао қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси Родион Мирошникнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари 20 апрель куни эрта тонгда Донецк вилояти Горловканинг Никитовский тумани, шунингдек, Кременная шаҳри чеккаларини ўққа тутган. Энг қизиғи шундаки, Россия томони сулҳ бузилиш ҳолатлари акс этган рақамларни Украинага нисбатан нақд 2.5 баравар бўрттириб кўрсатди. Мудофаа вазирлигининг расмий ахборотига кўра, келишув даврида Украина Қуролли кучлари томонидан сулҳ шартлари гўёки 4,9 минг марта бузилган. Аммо бу борада икки давлат бир-бирини қанчалик айбдор қилиб кўрсатишига қарамай, Украина президенти Зеленский сулҳни яна бир ойга чўзишни таклиф қилди. Бироқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль Пасха сулҳини узайтиришни режалаштирмагани маълум қилди. Шундан сўнг, Россия Қуролли кучлари Путин томонидан эълон қилинган аммо деярли амал қилинмагани иддао қилинган Пасха сулҳи тугаши билан жанговар ҳаракатларни қайта бошлади.
Шу тариқа 3 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этаётган Россия босқинининг ҳеч бўлмаганда қисқа вақтга бўлсада тин олиши учун пасха ҳам кор қилмади. Аммо ҳали ҳам Вашингтонда босқинни тез фурсатларда якунлаш умиди сўнгани йўқ. Дональд Трамп ҳатто шу ҳафта охирига қадар икки томоннинг тил топишишига умид боғламоқда. Аммо жуда узоқ вақтга чўзилган босқиннинг якунланишига ҳалигача айтарли асос мавжуд эмас. Аниқроғи Россия ишғол остидаги Украина ерларидан воз кечиши амри маҳол, фақатгина куч ва босимни тушунадиган Кремлга қарши мазкур воситаларни қўллаши мумкин бўлган ер юзидаги ягона давлат бўлмиш Қўшма Штатлар Трамп омили туфайли ҳозирча “Путинни бошини силамоқда” дейиш муболаға бўлмайди. Украина эса аслида ўзини ҳаққи ҳисобланган ерларига кўз юммаслигини эса тушунса бўлади. Аммо нима бўлишидан қатъи назар вақти-вақти билан унчалик самарали бўлмасада, тинчлик учун олдинга силжишлар ҳам йўқ эмас. Айниқса шу ҳафтада Владимир Путин Украинага фуқаролик объектларини ўққа тутмаслик бўйича келишувга эришиш мумкинлигини маълум қилди. У ҳатто бевосита музокараларга ҳам “яшил чироқ” ёқди. Аммо роппа-роса бир йилдан буён тинимсиз таъкидлаб келаётган ва айнан ўзи томонидан ўрнатилган бариер – гўёки “Зеленскийнинг легитимлиги йўқ” (Путин талқини) деган қарашларни илгари сурмади. Шунинг ўзи ҳам бугунги кун шароитида жуда яхши янгиликдир. Ўз ўрнида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Украинадан музокараларни блокловчи тўсиқларни олиб ташлашни сўради. Чунки Зеленский босқин йиллари давомида Россия билан музокаралар ўтказишни ман қилгани кўпчиликка маълум.
Хавотирли 2027 йил
Британия Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти катта илмий ходими Эд Арнольд Россия НАТО давлатлари билан икки йил ичида ҳарбий можарога киришиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Унга кўра, эҳтимолий уруш учун старт манзили Сувалки коридори бўлиши мумкин. Мутахассис 2027 йилда Россия билан тўқнашиш эҳтимоли юқорилаб бораётгани туфайли Германияни қуролланиш пойгасида жадал ҳаракат қилишга чақирди. Унинг фикрича, Бундесвер ҳозирда биринчи навбатда оғир ҳарбий техника арсеналлари – Leopard 2А8 танклари, TAURUS узоқ масофали қанотли ракеталари, Бохер зирҳли транспорт воситалари, IRIS-T зенит ракеталари ва Гепард қурилмаларини кўпайтириши керак. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари эса Кремль Россия жамиятини узоқ муддатли милитаризацияга ва НАТО билан эҳтимолий можарога тайёрлаётганидан огоҳлантирди. Унга кўра, бундай тарғиботлар аллақачон бошланган ва мазкур жараёнда Украина босқинини оқлаш учун илгари қўлланилган нарративлар яна ишга солинмоқда. ISW таҳлилчиларининг таъкидлашича, Россия амалдорлари ва тарғиботчилари томонидан илгари Украина билан боғланиб айтилган “нацизм” айбловлари энди нафақат Киевга, балки Европа давлатларига ҳам тобора кўпроқ қаратилмоқда. Масалан, 2024 йил 20 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Еврокомиссия раҳбарларининг 9 майдаги Ғалаба парадида иштирок этмаслик тавсиясига жавобан Иттифоқни “нацизм мафкурасини қайта тиклаш” айблаган.
“Биз бунга тоқат қилмаймиз, бу мафкура яна бош кўтармаслиги, бутунлай йўқ қилиниши ва Европа ўз қадриятларига қайтиши учун барча кучларни сафарбар қиламиз,” деган эди Лавров “Россия-1” телеканалига берган интервьюсида.
ISW мутахассисларига кўра, Россия тарғиботи бу каби риторикани бошқа давлатларга, хусусан, Финляндия, Эстония ва Молдова каби собиқ СССР республикаларига ҳам ёймоқда. Масалан, 2024 йил январь ойида Ленинград қамалининг тугатилганига 80 йил тўлиши муносабати билан Путин Россия “замонавий нацизм” билан “экзистенциал геосиёсий можаро” ҳолатида эканини билдирган. Унинг айтишича, бу можаро Украина инқирозидан анча кенгроқ. У, шунингдек, Болтиқбўйи давлатларини нацизмда айблаган. Давлат думаси спикери Вячеслав Володин эса “нацист мафкура НАТО раҳбарлари учун нормал ҳолатга айланганини” таъкидлаган. Экспертлар тахминича, бу нарративлар келажакда рус тилида сўзлашувчи аҳолининг ҳимоясини баҳона қилиб, Россия томонидан Болтиқбўйи давлатлари ёки Финляндияга нисбатан тажовузни оқлаш учун ишлатилиши мумкин. 2024 йил январь ойида Европа Иттифоқи Ташқи ишлар раҳбари Кая Каллас европалик разведка манбаларига таянган ҳолда, Россия 2028 йилга бориб Европа Иттифоқи давлатларидан бирига ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. У нафақат мудофаа харажатларини ошириш, балки ҳарбий можарога тайёр туриш муҳимлигини урғулаган. Февраль ойида Дания ҳарбий разведкаси келгуси беш йил ичида Европада “катта миқёсдаги уруш” бўлиш эҳтимоли юқорилигини маълум қилган. Шунда тахминлар бизни 3 та йилга йилга етакламоқда. 2027, 2028 ва 2029 йиллар.
Воқеалар ривожи эса бу ортда қолган бир неча йил давомида икки томондан ҳам ўзига яраша хушёрлик талаб қилди. Масалан, сал аввалроқ Россиядан таҳдид ортиб бораётгани сабабли НАТО давлатлари бу хавфга ер устида қарши туриш учун тайёргарлик кўришга киришгани, шу сабабли Франция ҳарбийлари аниқ, замонавий, жумладан 3D форматдаги махсус хариталар тузаётгани ҳақида хабар тарқалди. Қайд этилишича, 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан Франция армияси Карпат тоғларининг ғарбий томонида жойлашган Руминиянинг Чинку шаҳрига минг нафар аскар жойлаштирган. Тоғларнинг шарқий томонида Молдова, жанубида эса Дунай дарёси жойлашган бўлиб, бу ер орқали Украинага йўл очилади. Руминия ва НАТО штаблари бу ҳудудни Россия армияси бостириб кириши мумкин бўлган йўналиш деб ҳисобламоқда. Шу сабабли Франция муҳандислик бригадасининг картографик полки Руминия картография агентлиги билан ҳамкорликда ҳудуд хариталарини янгилаш ишларини олиб бормоқда. Шу ўринда мавзу бошида тилган олинган Россия босқинининг бошқа бир эҳтимолий бошланиш нуқтаси Сувалки коридоридан ҳам катта хавф борлиги ҳақида тўхталсак.
Сувалки бу 100 км дан ортиқ бўлган фаразий қуруқлик “коридори” бўлиб, Беларусь ҳудудини Россиянинг Калининград вилояти билан боғлайди. НАТО халқаро ҳарбий-сиёсий блокида ушбу ҳудуд Шимолий Атлантика альянсининг ташқи чегаралари учун энг заифи ҳисобланади. Сувалки йўлаги – Польша ва Литвани боғлаб турадиган ўрмонли текисликдир. У Болтиқбўйи давлатларини альянснинг қолган қисми билан боғловчи муҳим қуруқлик йўлаги бўлиб хизмат қилади. У ерда қандайдир кўнгилсизлик содир бўлса, бу Болтиқбўйидаги уч давлат Латвия, Литвия ва Эстониянинг НАТОдан узилиши билан якунланиши мумкин. Харитада мазкур корридор жойлашган нуқтага кўз югуртирилса, бу йўлакнинг қанчалик нозиклиги ва НАТОнинг Россия билан тирашувида панд бериш эҳтимоли юқорилигини кўриш қийин эмас. Шу боис ўтган йилдан бошлаб, Польша, Литва, Латвия, Эстония ва Финляндия каби Россия билан қуруқлик чегараси мавжуд бўлган НАТО аъзолари пиёда юрувчи аскарларга қарши мўлжалланган миналарни тақиқловчи Оттава конвенциясидан чиқишга ҳозирликни бошлаб юборганди. Табиийки, бу уларнинг чегараларни миналашига йўл очади. 2024 йил декабрь ойида Еврокомиссия Россия ва Беларусь билан чегарадош олтита давлатга ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун 170 миллион евро ажратилганини эълон қилган. Жорий йил март ойида эса Европа Иттифоқи минтақа қуролли кучларини қайта қуроллантириш ва модернизация қилиш бўйича 800 миллиард евро миқдоридаги умумий бюджетга эга режани тасдиқлаган.
Хитой қуролланиш пойгасига катта тезлик олди
Хитой бугун европаликларга тавсия қилинаётган ишлар ва маслаҳатларни амалда бажармоқда. “South China Morning Post” хабарига кўра, Хитойлик олимлар ядровий материаллардан фойдаланмасдан портлайдиган водород асосидаги бомбани муваффақиятли синовдан ўтказди. Нашрнинг ёзишича, бомба Хитой Давлат кемасозлик корпорациясининг сувости қуролларини ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланувчи 705-Илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган. Бомбада водородни сақловчи моддалар сирасига кирувчи магний гидриди қўлланилган. Ушбу кимёвий бирикма таркибидаги водород концентрацияси 7 фоиздан юқори бўлиб, портлаш вақтида тез термик парчаланишга учраб, водород газини ажратади. Бу газ чақнаб, кучли ва давомли ёнғин ҳосил қилади. Олимлар синовда оғирлиги 2 килограмм бўлган бомбани ишлатган. Портлашдан сўнг 1000 даражадан юқори ҳароратда олов шари ҳосил бўлиб, у 2 сониядан ортиқ давом этган. Тадқиқотда қайд этилишича, шунча миқдордаги тринитротолуол (TNT) бундай олов шари ҳосил қилган тақдирда, у атиги 0,13 сония давом этган бўларди. Хабарга кўра, янги бомбанинг портлаш кучини аниқ назорат қилиш мумкин. Бу эса кенг ҳудудда нишонларни бир хилда зарарсизлантириш имконини яратади. Шундай қилиб мазкур ихтиро бутун дунё бўйлаб авжига чиқаётган қуролланиш пойгасида Хитойнинг катта тезлик олганидан далолат беради. Қизиғи шундаки, бу Пекин учун жорий йил ҳисобида биринчи янги қурол эмас. Январь ойи охирларида ҳудди шу “South China Morning Post” нашри хитойлик олимлар сувости кемасидан учириладиган, ҳам сув остида ҳаракатланадиган, ҳам ҳавода парвоз қила оладиган дунёдаги биринчи дронни ишлаб чиққани ҳақида хабар берганди. Мазкур дрон букланувчи қанотнинг ноёб дизайни туфайли парвоз вақтида сув ва ҳаво ўртасида бир неча марта ҳаракатлана олиши, бу эса унинг омон қолиш имкониятларини сезиларли даражада яхшилаши айтилганди. Сув остида ҳаракатланиш учун эса у махсус парраклар билан жиҳозланган. Ускуна учиш учун фойдаланадиган парракларини сув остида 5 сонияда йиғиб, камуфляжга яқин жойлаштиради. Бу сувда қаршиликни сезиларли даражада камайтиради. Дрон Шимоли-ғарбий политехника университети ва Хитой Аэродинамик тадқиқот ва ишланмалар маркази томонидан ишлаб чиқилган. У сувости кемасидан учирилади ва топшириқни бажариб бўлгач, яна ўша кемага қайтади. Сувда ишлаш қобилияти ва ҳаводаги юқори манёврлиги туфайли бу дрон разведка ва зарбалар беришда фойдаланилиши мумкин. Қайд этилишича, дунёдаги мавжуд мудофаа технологиялари ҳозирча бундай қуролни тўхтатишга қодир эмас.
Умуман олганда хитойликларнинг ҳарбий соҳадаги новаторлиги булар билан чекланиб қолмайди. Сўнгги пайтларда чин ўлкасида пайдо бўлаётган янгидан янги қуроллар ва ҳарбий соҳага оид инновациялар тез-тез қулоққа чалиниб туриши одат тусига кирди. Бир неча ойлар илгари хитойлик олимлар келажакда ҳарбий можаролар характерига улкан таъсир кўрсатиши мумкин бўлган юқори аниқликдаги кўчма атом соатини ишлаб чиққани, мазкур соатлар жанговар ҳудудларга олиб борилиши ва замонавий уруш усулларини тубдан ўзгартириши, юқори аниқликдаги бу вақтни ўлчаш тизими радарларнинг синхрон ишлашига имкон бериб, ҳатто кўринмас самолётларни ҳам аниқлаш ва кузатишда ёрдам бериши, хуллас барча барчаси эндиликда Хитой Қўшма Штатларга нафақат иқтисодий, балки ҳарбий томондан ҳам яхшигина рақобатчига айланиб бўлганидан далолат беради.
LiveБарчаси