Халқ таълими тизимида қарийб 70 млрд сўм ўғирлангани аниқланди

Жамият

image

Ўзбекистон халқ таълими тизимида жорий йилнинг ўтган 11 ойида қарийб 70 млрд сўм ўғирланган, ўзлаштирилган ва ортиқча тўловларга сарфлнган. Бу ҳақда бугун, 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси фаолияти натижалари тўғрисида навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилишида айтиб ўтилди.

Мазкур Ҳайъат йиғилишида вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан амалга оширилган ўрганиш ишлари натижасида тизимдаги таълим муассасаларида иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, тизимда ўтган 11 ой давомида жами 69,8 млрд. сўм иш ҳақидан ўғирлик, ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича:

•    84,3 млрд. сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича бошқа ноқонуний харажатлар;

•    38,7 млрд. сўм “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда амалга оширилган харидлар;

•    24,1 млрд. сўм хатлов натижасида аниқланган камчиликлар;

•    3,9 млрд. сўм бошқа хато ва камчиликлар аниқланган.

Шу давр мобайнида жами 220,8 млрд. сўм (шундан Ҳисоб палатаси, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида 110,9 млрд. сўм ёки 50,1 фоиз) миқдоридаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.

Мисол учун, Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 20,4 млрд. сўм, Жиззах вилояти Зарбдор туманида 7,8 млрд.сўм ҳамда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида 4,2 млрд.сўм нақд пул маблағлари ҳисобланган иш ҳақига нисбатан ортиқча олиниб, кассага кирим қилинмаган ва ўзлаштириб юборилган.

Бундан ташқари, Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 7,9 млрд. сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани 4,9 млрд.сўм, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида 3,2 млрд. сўм, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 2,9 млрд. сўм, Қамаши туманида 1,8 млрд. сўм ҳамда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 0,9 млрд. сўм маблағ ишламайдиган ходимларга ҳамда ортиқча иш ҳақи ҳисоблаш орқали ўзлаштирилган.

Ўрганиш натижалари бўйича расмийлаштирилган 396 та ҳолат бўйича 149 млрд.сўмлик ҳужжатлар тўплами қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган. 

Шу билан бирга, амалга оширилган профилактика ишлари натижасида 135 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинган ва бартараф этилган. 

Амалга оширилган тадбирлар натижаси бўйича ўтказилган Ҳайъат қарори билан молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйган 100 нафардан ортиқ масъул ходимларга тегишли интизомий чоралар кўрилиши, ўзлаштирилган маблағларни ундирилиши юзасидан тегишли чоралар кўриш бўйича кўрсатмалар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ХТВ

Баҳолаганлар

354

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг