Халқи очарчиликка юз тутган Ким Чен Ин 2021 йилга пурвиқор ном берди
Олам
−
03 Январь 2022
11960Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин 2021 йилни “ғурурли ғалабалар йили” деб атади ва ушбу йилдаги бир қатор иқтисодий ютуқларни қайд этди. У бу ҳақда Кореянинг ҳукмрон Меҳнат партияси Марказий қўмитаси ялпи мажлисининг якуний кунида эълон қилди, деб ёзган “Нодон синмун” газетаси.
“Ким Чен Ин ғурур билан 2021 йилни миллий фаровонлик тарихида нишонланиши лозим бўлган ғурурли ғалабалар йили деб атади ва миллий тикланишнинг янги йўналишларини ишлаб чиқди”, дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси пандемия ва чегараларни ёпишни назарда тутувчи амалдаги чора-тадбирларни ҳисобга олган ҳолда экстремал шароитларда иқтисодиётни барқарорлаштириш усулларини фаол излаш ва жорий этишни таъкидлаган. Ҳужжатда бу мамлакатнинг мустақил иқтисодий ривожланиши учун фойдали экани қайд этилган.
Шу билан бирга, йиғилишда Корея яримороли ҳудудида ўсиб бораётган беқарорлик ҳақида ҳам баёнотлар берилган.
“Халқаро вазиятнинг тобора беқарор бўлиб бораётгани ва Корея яримороли атрофидаги вазият миллий мудофаа салоҳиятини кучайтиришни ҳеч қандай кечиктиришсиз, янада шиддат билан амалга оширишни талаб қилмоқда”, дейилган йиғилишда.
Таъкидланишича, қурултой йиғилишида ракета-ядро дастурини ривожлантириш, шунингдек, АҚШ билан муносабатларга оид ҳеч қандай баёнот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин ўтган йилнинг июнь ойида мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги бошланиши мумкинлиги ҳақида эълон қилганди. Ким Чен Ин Шимолий Корея партияси ва халқини янги “қийин юриш”га тайёр бўлишга чақирганди. КХДР тарихидаги ушбу атама ХХ асрнинг 90-йиллари, мамлакат оммавий очарчилик туфайли оғирлашган иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган даврни назарда тутади.
2021 йил август ойида эса Корея Халқ Демократик Республикаси мамлакат аҳолиси ўртасида янги катта очарчиликнинг олдини олиш учун армия захираларидан озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишни ташкил қилганди.