Халқаро суд Украинанинг Россияга қарши даъвосини қисман қаноатлантирди

Олам

image

БМТ Халқаро суди Россия расмийлари 2014 йилда Украина шарқидаги айирмачи гуруҳларга молиявий ёрдам кўрсатиш ҳолатларини текширмагани учун Москвани “Терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича халқаро конвенция”нинг айрим қоидаларини бузганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда ташкилот сайтида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.

Суд Россия томонидан 2014 йилдан кейин Қримда жорий этилган, украин тилида ўқитишни таъминламайдиган таълим тизими “Ирқий камситишларга барҳам бериш тўғрисида”ги халқаро конвенциянинг бузилиши, деб ҳисоблади.

Бироқ БМТ суди айбловларнинг иккинчи қисмида Украинанинг Қримдаги қрим-татарлари ва украинларга нисбатан ирқий камситиш фактларининг аксариятини исботланмаганини билдирди.

Шунингдек, суд Донецк ва Луганск айирмачиларини террорчи деб ҳисоблаш учун етарли далилларга эга эмаслигини таъкидлади.

Маълумот учун, 2017 йилнинг 16 январида расмий Киев Россия Федерациясини “Терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисида”ги халқаро конвенция ва “Ирқий камситишларга барҳам бериш тўғрисида”ги халқаро конвенцияни бузганликда айблаб, Гаагадаги Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. 

Украина томони ўз даъвосида Россия украинлар ва қрим-татарларни камситганини ва Қрим-татар халқи мажлиси фаолиятини тақиқлаганини қайд этган. Шунингдек, Украина “вақтинчалик босиб олинган Қримда” одамларнинг йўқолиб қолиши, қотилликлар, ноқонуний қидирувлар ва ҳибсга олишлар бўлганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Халқаро суд Жанубий Африканинг Исроилга қарши даъвоси бўйича вақтинчалик қарор чиқариб, яҳудий давлатига Ғазо секторида геноциднинг олдини олиш учун барча чораларни кўришни буюрганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Халқаро суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг