Халқаро хотин-қизлар куни: Ғазода Исроил тажовузи оқибатида ўлдирилган аёллар хотирланди
Олам
−
08 Март
4541Бугун дунёда Халқаро хотин-қизлар куни нишонланар экан, Ғазодаги ҳукумат матбуот идораси октябрь ойидан бери халқаро ҳамжамиятнинг сукути остида Исроил томонидан ўлдирилган 8,900 дан ортиқ фаластинлик аёллар учун хотирлаш маросими ўтказди. Бу ҳақда идора ахборот хизмати хабар берди.
Исроилнинг Ғазога қарши октябрь ойида бошланган геноцид уруши давомида ҳозиргача 8,900 дан ортиқ фаластинлик аёл ўлган ва 23,000 дан ортиғи жароҳат олган, 2,100 нафари эса бедарак йўқолган.
“8 март куни бутун дунёда Халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишонланади, улар эришган ютуқлари, курашлари учун улуғланади. Бироқ, фаластинлик аёллар эркинлик ва қадр-қиммат учун ҳамон жонлари билан бадал тўлашда давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Идоранинг таъкидлашича, Ғазода бошланган уруш ярим миллиондан ортиқ фаластинлик аёлларни бошқа жойга кўчирилишига олиб келган ва улар озиқ-овқат, дори-дармонлар каби асосий эҳтиёжларга эга бўлмаган ўта қийин шароит остида яшамоқда. Қолаверса, 60 минг ҳомиладор аёл энг оддий соғлиқни сақлаш ва тиббий талаблардан маҳрум бўлган оғир ва ўта оғир ҳудудларда қолмоқда.
Айни вақтгача Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 30 800 нафарга етгани қайд этилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Исроил уруши Ғазо аҳолисининг 85 фоизини озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармонларнинг кескин танқислиги шароитида ички кўчишга мажбур қилди, анклав инфратузилмасининг 60 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган.
LiveБарчаси