Кейинги йилдан ёшга доир пенсиялар автоматик тарзда тайинланади
Жамият
−
29 Июль
75482025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар автоматик тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда ва фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади. Пенсия таъминоти тизимига ахборот технологияларини фаол жорий қилиш орқали фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар босқичма-босқич интерактив ва проактив шаклга ўтказилади.
Маълум бўлишича, фуқароларга пенсия тайинлашни сўраб қўшимча равишда Давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳолда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали онлайн мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.
Бу орқали:
- Биринчидан, фуқаролардан пенсия тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар йиғиш учун Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиш талаб этилмайди.
- Иккинчидан, пенсия ёшига етган фуқарога қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида унинг телефон рақамига “пенсия тайинланганлиги ва унинг миқдори” тўғрисида маълумот юборилади.
Шунингдек, пенсияга чиқмасдан иш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга автоматик тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда.
Билдирилишича, фуқаро пенсия тайинланганидан, пенсия миқдоридан ёки пенсия тайинланиши рад этилганидан норози бўлган тақдирда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Ўралова Чарос
LiveБарчаси