Кейинги икки кунда газ кескин тушади – Ортиқхўжаев ҳокимларни фавқулодда ҳолат ҳақида огоҳлантирди
Жамият
−
12 Январь 2023
23726Пойтахт Тошкент ва бошқа ҳудудларда газ таъминоти кескин пасайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бугун, 12 январь куни кеч соатларда ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувида сўз борган.
Унда Ортиқхўжаев барча туман ҳокимлари ва сектор раҳбарларини 2 кунлик фавқулодда вазиятдан огоҳлантирган. У барча завод ва фабрикалар, қолаверса, газ қуйиш шохобчалари газ ва электр энергиясидан узилишини маълум қилган.
“Ҳурматли ҳокимлар, сектор раҳбарлари, масъул бошқарма бошлиқлари. Ҳозир берадиган хабаримни диққат билан эшитинглар, илтимос. Газ кескин тушади. Нафақат Тошкентда, балки бошқа ҳудудларимизда ҳам тушиши кутиляпти. Шунинг учун шаҳардаги барча “заправка”ларни ўчирамиз. Фақат махсус коммунал хизматларнинг 4 та “заправка”си қолади. Ҳозир шаҳар транспорти газдан соляркага ўтади. Бутун фабрика ва заводлар эгаси ким бўлиши, қандай одам бўлишидан қатъи назар газини ҳам, электр энергиясини ҳам ўчиришга мажбурмиз”.
Ҳоким, шунингдек, пойтахтдаги махсус кўчалардан ташқари барча кўчалардаги чироқларни, корхона ва ташкилотларнинг пештоқидаги бренд номлар чироқларини ўчиришни буюрган.
У барча сектор раҳбарларини яна бир бор огоҳлантириб, қош қўяман деб, кўз чиқармасликка чақирган.
“Агар бугун туриб бермасак, эртага кеч бўлади. Биз бугун керакмиз давлатга. Агар бу ишларни бугун қилолмасак, бир тийинга арзимас ҳоким, бир тийинга арзимас сектор раҳбари бўламиз”, дейди Ортиқхўжаев.
Шунингдек, у бугундан шаҳардаги 50 та тўйхонада бепул ош тарқатилиши, ҳар бир туман ҳокими қўшимча равишда кам таъминланганлар ва қаровсиз қолганларга иссиқ овқат ташкил қилиши кераклиги, бунинг учун моддий ресурс топилмаса, тўғридан тўғри шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиш кераклигини айтган Ортиқхўжаев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь