Кешбэк ўпқони: Тошкентда “шоввозлар” сохта чеклар орқали бюджетни 4,7 млрд сўмга “қақшатди”
3-саҳифа
−
04 август 2980 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида ташкил этилган МЧЖларнинг бир нечта уюшган масъуллари томонидан қарийб 4,7 млрд сўмлик бюджет маблағлари кешбэк сифатида талон-торож қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси томонидан Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “G.M.” МЧЖ масъул шахслари компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда гўёки 76,2 млрд сўмлик маҳсулотлар харид қилганлиги юзасидан сохта маълумотлар расмийлаштиргани аниқланган.
Шунингдек, мазкур шахслар савдодан тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида сохта харид чекларини чиқариб берган ҳамда ушбу чекларни Telegram мессенжери орқали 2 475 нафар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсларга 70-150 минг сўмдан сотган. Чеклар орқали 7,5 млрд сўм “Soliq Mobile” иловасида кешбэк сифатида ҳисобланиб, шундан 4,1 млрд сўм тўлаб берилган. Охир-оқибат “G.M.” МЧЖ масъул “шоввозлари” бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Шу каби Тошкент шағрининг Чилонзор туманида ҳам аниқланган. Маълум қилинишича, Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими томонидан Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувида “E.G.” ва “I.F.” МЧЖларнинг масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда гўёки 10 млрд сўмлик маҳсулотлар харид қилганлиги юзасидан сохта маълумотлар расмийлаштирган. Улар мазкур “савдодан” тушган пулларни назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида сохта харид чекларини чиқарган.
Шунингдек, ушбу чекларни Telegram орқали 1 812 нафар ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахсга 100-150 минг сўмдан сотган ҳамда 1 млрд сўм “Soliq Mobile” иловаси орқали кешбэк сифатида ҳисобланиб, шундан 640,8 млн сўм тўлаб берилган. Якунда МЧЖларнинг масъуллари бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари фош этилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида бир гуруҳ шахслар бюджет ҳисобидан 1,4 млрд сўм маблағларни сохта чеклар орқали кешбэк сифатида талон-торож қилганлиги фош этилган эди.
Live
БарчасиҚўйлиқда ҳам ёнғин содир бўлди
06 август
Ян Диоманде расман “Реал Мадрид”га ўтди
06 август