Келин орқасини ўгириб, гул отиши маданиятимизга тўғри келмайди – Сайфуллаев
Жамият
−
18 Февраль 2020
7240Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ўзбек тўйларига кириб келаётган оммавий маданиятга қарши чиқди.
“Ўтказилаётган тадбирларда, ҳаммангиз биласизлар - “Love story” , “узундан-узун кортеж” – бу оммавий маданиятнинг салбий оқибатларидир. Шу “келин турволиб, дугоналарига гул отиши”. Бизда, ўзбек халқида бу нарсалар бўлмаган. Бундан иллатлар келиб чиқяптики. Қаердан олинган? Майли, европага ёки бошқа халққа хос бўлсин. Лекин биз ўзимизнинг ибомиз, ўзбек халқининг урф-одатлари бор, ўзини бир дейлик, идеаллари бор. Биз “намунали оила”, “намунали келин куёв бўлсак” деган “орзу ҳавас” сўзлари бор. Лекин, бу нарсаларни “орзу ҳавас” деб айтиб бўлмайди”, дейди Сайфуллаев.
Сайфуллаевнинг сўзларига кўра, дабдабали тўйларни ўтказиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
“Очиғини айтиш керакки, шунча тарғибот ишларига қарамай, ҳамон тўйларни дабдабали қилиб ўтказиш, қатор кортежлар ташкил қилишга уринаётган юртдошларимиз учраб турибди. Буни айниқса, интернет саҳифалар, ижтимоий тармоқларда кўриб, ўзимиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Демак, ҳали қилаётган ишларимиз кутилган самарани бермаяпти”, дейди Сенат вакили.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Қарор билан махсус Низом ишлаб чиқилди. Ушбу қарор ва Низом жорий йилнинг 1 январидан кучга кирди.
LiveБарчаси