Касб ўрганувчи ёшлар учун “касб ваучери” ва бепул “ваучер” берилади
Жамият
−
30 июн 1352 2 дақиқа
Эндиликда Ўзбекистонда касб ўрганувчи ёшлар учун фоизсиз ссуда шаклида “касб ваучери” берилади. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув чоғида маълум қилди.
Қайд этилишича, қўлида касби бўлиб, халқаро талаблар асосида янги кўникмаларни эгалламоқчи бўлган ёшларга “касб ваучери”ни бериш йўлга қўйилади. Ушбу “касб ваучери” фоизсиз ссуда шаклида бўлиб, ҳар йили 50 минг нафар ёшнинг замонавий касбларни ўрганиш харажатлари қоплаб берилади.
Эҳтиёжманд оилалардаги 85 минг ишсиз ёшлар хусусий ўқув марказида касб эгаллаши учун бепул “ваучер” тақдим этилади.
Шу йилнинг ўзида “касб ваучери” ва бепул “ваучер” тизими учун 120 миллиард сўм ажратилади. Талаб бўлса, ушбу маблағ кўпайтириб борилади.
Шунингдек, Хорижий тилни пухта ўрганиб, юқори натижа билан сертификат олган ёшларга бу харажатини қоплаш тизими ўзини оқлагани қайд этилган. Президент буни халқаро касб сертификатини олганларга ҳам татбиқ қилишни таклиф этган.
Ёшларга касб ўргатишнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларда хусусий сектор иштироки янада кенгайтирилади.
Бунинг учун техникум очишдаги лицензия шарти соддалаштирилиб, 20 дан ортиқ талаб бекор қилинади. Янги ўқув йилидан хусусий техникумларга ҳам касбга ўқитиш бўйича давлат гранти берилади.
Яна бир янгилик – халқаро касб танловларида ғолиб бўлган давлат ва хусусий техникум ўқувчилари 100 миллион сўмдан, уларни тайёрлаган устозлари 50 миллион сўмдан мукофот олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳар йили 500 минг ўғил-қизни замонавий касбга эга бўлишини таъминлайдиган “Келажак билимлари экотизими” йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси