Каримованинг пуллари Ўзбекистонга қайтишига оиласининг дахли борми?

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг адвокати адвокати, Женевадаги Mangeat Attorneys at Law адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари Грегуар Манжа Швейцария Ўзбекистонга 555 млн долларни қайтаришни тўхтатганини маълум қилганди. У Каримованинг ҳибсда ушлаб турилишига босим сифатида баҳо бериб, яна унинг саломатлиги хавф остида эканини иддао қилган.

Мазкур мурожаатдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги жорий йилнинг 3-4 июль кунлари Гулнора Каримова сақланаётган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли жазони ўташ колониясида ўрганиш ўтказди. Ўрганиш натижаларини эълон қилган вазирлик, Гулноранинг пуллари Ўзбекистонга қайтарилишида на унинг саломатлиги, на ҳибсда сақланаётгани ва на оила аъзоларининг иштироки борлиги, барча масалалар Ҳукумат даражасида ҳал этилаётганини маълум қилди. Вазирликнинг QALAMPIR.UZ’га тақдим этган баёнотида шундай дейилади:

“Маълумки, бошқа хорижий мамлакатларда ҳам Гулнора Каримовага нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда. Каримова ушбу тергов ишларига кўра, коррупция схемалари орқали пул маблағларини ўзлаштириш бўйича айбланмоқда. Бироқ айрим шахслар ушбу далилларни назардан четда қолдирган ҳолда, турли сабабларга кўра, юзага келган вазиятга нисбатан нохолис фикрларни билдирмоқдалар.

Хорижда олиб борилаётган тергов ишлари материаллари ва расмий манбалардан маълумки, Гулнора Каримова ва унга дахлдор бўлган шахслар томонидан Латвия, Швейцария, Франция, Швеция, Нидерландия ва эҳтимол бошқа мамлакатларда ҳам коррупция схемалари орқали пул маблағларини ўзлаштириш ишлари амалга оширилган.
 
Таъкидлаш жоизки, активларни қайтаришга оид барча музокаралар ва тадбирлар Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, Ҳукумат даражасида олиб борилмоқда. Ушбу активларга хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан тақиқ солинган, шу сабабли улар Гулнора Каримова (унинг оила аъзолари)нинг ихтиёрида эмас ва алоҳида шахслар, жумладан Гулнора Каримова (унинг оила аъзолари)нинг хатти-харакатлари ушбу активларни қайтаришга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Ҳозирги кунда ноқонуний орттирилган активларнинг қолган қисмини Ўзбекистонга қайтариш чора-тадбирлари давом этмоқда. 

Бундан кўриш мумкинки, ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистонга Гулнора Каримованинг шахсан ўзи қайтаргани ёки қолган активлар бевосита Гулнора Каримова ёхуд бошқа шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар юридик асосга эга эмас ва ишларнинг ҳақиқий ҳолатига тўғри келмайди”.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Адлия вазирлиги

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг