Каримов фонди Европада таҳсил гранти ғолибларини аниқлади

Жамият 2108
image

Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов асос солган иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш “Умид” жамғармаси стипендиатлари билан учрашув бўлиб ўтди.

“Умид” жамғармаси 1990-йиллар охири – 2000-йиллар бошида Ўзбекистоннинг иқтидорли ёшларига, таъбир жоиз бўлса, порлоқ истиқболга йўлланма берган эди. Президент жамғармасининг 5 йиллик фаолияти мобайнида 800 нафардан зиёд ўзбекистонлик йигит-қиз Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япониянинг етакчи олий ўқув юртларида таълим олди.

“Умид”чилар билан учрашув доирасида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан таъсис этилган Европа олийгоҳларида магистратура йўналишида таълим учун учинчи грантларнинг 10 нафар соҳибига сертификатлар ҳам тақдим этилди.

Шаҳодатномаларни Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова топширди.

Кеча меҳмони, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали доценти, Фавқулодда ва мухтор элчи, Ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Исломов ўз чиқишида шундай деди: 

“Ислом Абдуғаниевич мамлакатимиз учун мушкул синов дамларида ҳам бозор иқтисодиётига ўтишнинг турли моделлари иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиш учун бизни Гарвард университетига юборишга тайёр эдилар. У киши хорижда таҳсил жуда муҳим аҳамиятга эга экани, дунё кўрган кадрлар келажакда Ватан тараққиёти йўлида хизмат қилишини яхши билар эдилар. Дарҳақиқат, 25 йил давомида турли лавозимларда ишлаб, Ислом Абдуғаниевич билдирган ишончни оқлашга ҳаракат қилдик”. 

Каримов Фонди томонидан ташкил этилган маърифий анжуманда қатнашган “умид”чилар чет элда ўқиш даври хотиралари билан ҳам ўртоқлашдилар. Хусусан, хориждаги таҳсил улар ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этгани, Ўзбекистонга қайтганларидан кейин тақдирларида қандай ўзгаришлар рўй бергани ҳақида сўзлаб бердилар.

Хусусан, Буюк Британиядаги Уорвик университети битирувчиси, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов қуйидаги мулоҳазани билдирди:

“Ҳаётга йўлланма” деган ибора чуқур рамзий маънога эга. Чиндан ҳам, муносиб таълим олгач, ҳаётимизни мустақил Ўзбекистон равнақига хизмат қилиш, истиқболда янада улкан ютуқларга эришишга бағишладик”.

“Биз беқиёс ҳаётий тажриба ва билимларга эга бўлдик. Ўз оиламиз, энг асосийси, мамлакатимиз корига ярашни ўргандик. Бизни Ватанимизда Ислом Абдуғаниевич зиммамизга юклаган масъулият, қолаверса, ўз олдимизга қўйган юксак мақсадлар кутар эди. Шу тариқа биз мамлакатимиз тараққиётга ҳисса қўшиш иштиёқи ила яқинларимиз бағрига қайтдик. Биз ҳозирга қадар бор куч-ғайратимиз билан ана шу мақсадларга эришиш йўлида фаолият юритмоқдамиз ва умримиз охирига қадар ушбу маслакка содиқ қоламиз”, деди Иллинойс университети ҳузуридаги Жон Маршалл ҳуқуқшунослик мактаби (АҚШ) битирувчиси, “Thellia Esthetics” компанияси асосчиси ва муассиси Лайло Усмонова. 

“Умид” жамғармаси Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан 1997 йилда таъсис этилган. Орадан роппа-роса 20 йил ўтиб, 2017 йилнинг январь ойида Каримов Фонди ўзбекистонлик ёшлар Европанинг нуфузли олий ўқув юртларида магистратура дастури бўйича таълим олиши учун грантлар танловини эълон қилди. Сўнгги икки йил мобайнида Биринчи Президент номидаги Фонд 32 нафар иқтидорли йигит-қизга Германия, Италия, Польша, Россия, Франция ва Швейцария олийгоҳларида билим олиш имкониятини тақдим этди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×